Жиззах шаҳрининг Мустақиллик кўчаси бўйида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирининг бир қисми 10 январь куни соат тахминан 17:15 да қулагани ҳақида хабар берилган эди.

Мустақиллик кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган автомобиллардан бирига ўрнатилган видеорегистраторга бинонинг қулаш жараёни ёзилиб қолган.

Видеоёзув Telegram’даги каналларда эълон қилинди — бинонинг бир қисми қулагани ва шундан сўнг ҳаммаёқ қуюқ чанг ичида қолганини кўриш мумкин. Видеоёзув эгасининг таъкидлашича, ҳайдовчи вақтида орқага юришга улгурган, “йўқса машина титилиб кетарди”.

ФВВ ва Бош прокуратура ахборотига кўра, бино қулаши оқибатида тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлган фуқаролар йўқ. Қайд этишларича, бинонинг қулаш сабабларини аниқлаш мақсадида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.