Андижон вилоятидаги мактабда тадбирга келган меҳмонларни қарши олиш учун, ўқувчиларни совуқ об-ҳаво шароитида юпун кийинтириб, ўзлари иссиқ кийимда юрган ходимлар ҳақида ҳамма эшитиб улгурди.

Шуҳрат Ғаниевнинг бир сурати эса анча олдин омманинг нафратини қўзғатган.

Ушбу ҳолат Жиззахнинг Бахмал туманида ҳам содир бўлган эди. Аммо битта расмий муносабат билан қутулишди.

Андижондаги мактаб раҳбари ишдан олиб ташланганидан ҳам хабарингиз бор. Аммо шундай бўлсада ўзига хулоса чиқармаган раҳбарлар ҳамон орамизда топилади.

Масалан яқиндагина ташкил этилган Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманида…

Хабарларнинг бирида туманнинг янги ҳокимият биноси фойдаланишга топширилгани ҳақида эълон қилинди. Ва бу очилиш маросимида бир қатор сўзга чиқишлар бўлган.

Яна бир одат бор ҳали ҳам амалда қўлланиладиган. Кун иссиқми, совуқми буниси аҳамиятсиз. Мактаб ўқувчиси атлас кўйлак кийиб қўлида бир нарсаларни кўтариб, тадбир тугагунгача тик оёқда туриши шарт. Ёзилмаган қонунлардан бири бу шундайми?

Тупроққалъа қаерда ? – Хоразмда

Хоразм об-ҳавоси қишда қандай бўлади? Хоразмда юриб кўрган одам бу ҳудуднинг қишини ва ёзини яхши билади. Раҳбарларчи билишмайдими?

Очилиш қилибсан, тадбир қилибсан майли. Ўқувчига нима бор ташқари совуқ бечорага атлас кўйлак кийдиришга нима сабаб. Наврўз сайли бўляптими ёки?

Ушбу ҳолатга тупроққалъалик бир фуқаро ман шундай шарҳ қолдирибди.

Буни тўғри тушуниш керак, қизлар бўлғуси она, келин, келажак. Ҳамма куртка, пальто, иссиқ кийимларда, шарт эмас эди мактаб ўқувчиси. Баъзи тадбирларда бўлганидек раққосаларни нон-туз билан чиқарса хам зарари йўқ эди. Бу қизчалар хали болаку, шамоллаб қолиши мумкин”.

Кейинги муносабат:

Мен ҳам шуни айтаман нима кераги бор кичкина қизалоқни совуқда қўйишнинг. Неча маротаба айтилади, қизларни совуқда қўйманг деб. Лекин умуман фойдаси йўқ.

Фарзанд бизнинг ҳаётимиз мазмуни. Авлодимиз давомчиси. Ҳар бир ота она боласи учун яшайди келажаги учун қайғуради. Кимнингдир фарзандини олиб бориб тадбирлар учун совуқда қўйишга эса ҳеч бир раҳбарнинг ҳаққи йўқ. Тадбирбозлигини ўқувчиларни қийнамасдан ўтказишни қачон ўрганар экан бизнинг раҳбарлар?

Бир томонда “Соғлом она – соғлом бола” деб бонг урилмоқда. Бир томонда эртага она бўладиган ёш қизалоқларни юпун кийинтириб қишнинг совуқларида тадбирбозлик кўргазмаларига тирик экспонатдай олиб бориб қўйишмоқда.

Бу бизнинг келажакдаги бўлажак оналарни олдиндан авайлаб келишимизнинг очиқ ва равшан исботи яшаворинг Тупроққаълалик раҳбарлар. Бугунги давомий олқишларимиз сизларга бўлсин…

Рухсора Баҳромзода

Амалдорларнинг ташрифи муносабати билан ёш қизларнинг нон ва туз икром этиши ҳақида биласизми?

Тарихда кучли (босқинчи) давлатлардан вакиллар келганда шундай қилишган.

Ҳали гапни бошламасдан туриб, нон ва туз беришган. “Даргоҳингдан туз тотдим, қандай сенга зулм қилай?” деб босқинчилик ҳаракати кейинга қолдирилган.

Энди айнан қизларга келсак, қабила сардорлари ўз қизларини чиқаришган. Бировнинг қизини эмас, ўз қизини. Чунки у халқига жавобгар, керак бўлса, қизини фидо қилишга тайёр туриши керак: “Биз урушмаймиз, пул десанг, пул берамиз, агар ниятинг маишат бўлса, қиз(лар)имни олишинг мумкин. Қавмимга тегмасанг бас”.

Ҳар икки ҳолатда ҳам мақсад битта – урушнинг олдини олиш бўлганлиги айтилади.

Ўша пайтдаги анъаналар ҳозиргача сақланиб қолган экан. Негадир шу одатни ҳам унутиб юбормаган эканмиз-да. Сизлар жойларда қизларимиз юпун кийим билан чиққанига эътироз билдирасизлар. Кимўзарга танқид қиласизлар. Қалин кийимда чиқса, бўлаверармиди? Қалин кийим кийиб чиқса, индамасмидиларинг? Ёки шунчаки “челленж”дан қуруқ қолмай деб муносабат билдиряпсизларми?

Асоси Ислом бўлмиш миллийлигимиз қиз болани кучли амалдорнинг қаршисига чиқаришга рухсат берганми? Аслида, бу бизнинг урф-одатимиз эмаслиги ҳақида сизларга гапириш – ҳайф! Чунки сизлар ўзлигимизга қайтишни эмас, адолатсизлик бўлаётганини кўришни хуш кўрасизлар. Чунки, бунда бошқа мақсад бор-да!

Бу нафақат ҳокимларнинг ташрифида, балки, хориждан меҳмон келганда ҳам, олий даражадаги учрашувлар чоғида ҳам кузатилади. Самолётдан тушишига шундай қилинадиганлари бор. Унақа пайтда 18-20 яшар қизларимизни саралаб, алоҳида кастингдан ўтказиб, кейин чиқаришлари ғалати. Мақсад нима? Қорнини ичкарига киргандаям тўйғазиб олаверади.

Ҳокимиятда тадбир бўлиб қолса ҳам мактаб, коллеж ва лицейлардан чиройли қизларни олиб кетишарди. Жаҳлим чиқиб юраверардим, “Нега шу ишни қилишяпти?” деб. Ҳазм қилиш қийин бўларди. “Тинчликми?” десам, “Меҳмон келибди, кутволишга чиқишармиш” деб  жавоб беришади. Эй номард, уйингга меҳмон келса, қизингни ясантирасанми?!

Сизлар қиз(лар)нинг қалинроқ кийинтирилишини хоҳлайсиз, мен эса “Қизларни бундай тадбирларга чиқарманглар!” дейман. Чунки биз тинч юртда яшаяпмиз. Урушиш учун эмас, кўришиш учун ташриф буюриладиган даврда яшаяпмиз.

“Маънавият”, “миллийлик” деб оғиз кўпиртиришдан олдин одам ўзининг нима қилаётганини ҳам сал англаши керак. Фикрларим билан кимларгадир ноқулайлик туғдирган бўлсам, узр.

Баҳодирхон Элибоев