Бугун, 10 январь куни соат 17:10 да Жиззах шаҳар, “Зилол” МФЙ, Мустақиллик кўчасида “Чорвадор-Қоракўл-Барака” МЧЖ томонидан қурилаётган 6-қаватли қурилиши тугалланмаган кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушгани ҳақида хабар берилган эди.

 

Маълум қилинишича, “Чорвадор-Қоракўл-Барака” МЧЖ томонидан қурилаётган 6-қаватли уйнинг қулаб тушиши сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилган.

Айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси тузилди.

Комиссия таркибига Прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва бошқа вазирликлар, идоралар, экспертлар ҳамда лойиҳа ташкилотлари киритилган.

Ушбу Ҳукумат комиссияси зиммасига, 6-қаватли  уйнинг қулаб тушиш сабаблари, бунга омил бўлган ҳолатлар, лойиҳа ҳамда пудратчи ташкилот томонидан уйнинг барпо этилиши даврида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилганлиги, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалдаги норматив-меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклиф киритиш вазифаси юклатилган.Ҳукумат комиссияси бугундан ўз ишини бошлаган.

ФВВ ва Бош прокуратура ахборотига кўра, бино қулаши оқибатида тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлган фуқаролар йўқ. Қайд этишларича, бинонинг қулаш сабабларини аниқлаш мақсадида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда қурилганига 20 кун тўлмаган кўприк синиб тушган эди, бугун, 10 январь куни Андижонда катта сув қувури ёрилиб кетган.