Андижон шаҳрига ичимлик суви етказиб берувчи “Хонобод—Андижон” марказий сув қувурининг Андижон тумани “Хортум” маҳалласида жойлашган сув тақсимлаш жиҳозида 9 январь куни носозлик юзага келди.

 

Айни вақтда Андижон шаҳрида ичимлик суви таъминотида муаммолар юзага келган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берган.

“Ушбу носозликни бартараф этиш мақсадида зарурий чоралар кўрилмоқда ва носозликни бартараф этиш учун шу йилнинг 11-12 январь кунлари аҳолига сув етказиб бериш таъминотида узилиш юзага келиши мумкин. Носозликни бартараф этиш жараёнида Андижон шаҳрига Жалақудуқ туманида жойлашган “Пахтакор” ер ости сув иншооти орқали тоза ичимлик суви етказиб бериш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, 20 дона махсус сув ташиш транспорт воситалари хизматга шай ҳолатга келтирилди.

“Андижон сув таъминоти” МЧЖ Андижон шаҳри аҳолисидан ичимлик суви захирасини яратиб олишларини сўраган ҳолда, юзага келган ҳолат юзасидан узр сўрайди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда қурилганига 20 кун тўлмаган кўприк синиб тушган эди, бугун, 10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилаётган бинонинг бир қисми қулаб тушди.

ФВВ ва Бош прокуратура ахборотига кўра, бино қулаши оқибатида тан жароҳати олган ёки ҳалок бўлган фуқаролар йўқ. Қайд этишларича, бинонинг қулаш сабабларини аниқлаш мақсадида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Facebook Comments