Ташқи ишлар вазирлиги Москва шаҳридаги “Внуково” аэропортида ўзбекистонлик фуқаролар тўплангани тўғрисида баёнот берди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 7-8 январь кунлари Россиянинг Royal Flight авиакомпаниясига қарашли Москва-Самарқанд йўналишидаги рейс бекор бўлиши сабабли Москва шаҳрининг “Внуково” халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тўпланган.

 

Хайрия ташкилотлари кўмагида “Внуково” аэропортидаги ватандошлар иссиқ овқат ва гигиена воситалари билан таъминланди.

Элчихонанинг тезкор чора-тадбирлари натижасида, бекор бўлган рейснинг барча йўловчилари (180 киши) “Азур Аир” авиакомпаниясининг (Россия) навбатдан ташқари рейси билан 2021 йил 9 январь куни соат 00:05 да Ўзбекистон Республикасига қайтарилган.

Маълумот учун, аэропортда тўпланиб қолган фуқаролар уларга сохта чипталар сотилганини таъкидлашган эди. ТИВ ушбу баёнотда бу ҳақида ҳеч нима демаган.