Хусусий акциядорлик тижорат банкларидан бирининг бошқарув раиси Тошкент шаҳридаги тадбиркорлардан бирига 4 млрд. cўм миқдорида кредит ажратиб бериш учун пора сифатида 15 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур банк раҳбари сўралган пулдан 103 млн. сўмни ўз танишига тегишли МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказиш орқали қўлга киритганлиги аниқланди.

Хоразм вилоятида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раҳбари мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ўз қўл остидаги ходими билан келишган ҳолда, янги қурилаётган автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчасини электр тармоғига уланишига рухсат бериш учун 15 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади.

ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс хизмат хонасида сўралган пулни ўз ходими орқали олган вақтида ушланди.

Самарқанд вилояти туманларидан биридаги марказий деҳқон бозори раҳбари ва унинг укаси маҳаллий фуқарога тикувчилик цехи ва дўкон қуриши учун ер ажратиб беришни ваъда қилиб, эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ака-ука “уддабуронлар” дастлаб дўкон қурилишига рухсатнома чиқартириб бериш эвазига 5 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Қарши шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган маҳкумга фойдаланиши учун уяли телефон киритиб бериш ҳамда келгусида бошқа буюмлар ҳам олиб кириб бериш эвазига маҳкумнинг танишидан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида мазкур муассасада хизмат ўтовчи ИИВнинг Қоровул қўшинлари назоратчиси қўлга олинди.

Бухоро вилоятидаги туман хокимликларидан биридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиянинг масъул котиби маҳаллий фуқарога туман марказидан савдо дўкони қуриши учун 4 сотих ер майдони ажратилишига ёрдам беришни ваъда қилиб, эвазига 4 минг АҚШ доллари сўрайди ва шундан 2 минг АҚШ долларини олдиндан тўлов сифатида олган вақтида ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ушланган.

Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.