Effect.uz Ахборот агентлигига Наманган вилояти Чортоқ тумани “Комиллик” маҳалласида истиқомат қиладиган фуқаро Норбоева Саидахон мурожаат билан чиқди. Мазкур мурожаатни журналист Сайфулло Исахонов воқеа жойига бориб ўрганди.

 

Саида опанинг оилавий шароитига тўхталиб ўтсак, унинг боқувчиси йўқ. Уй бекаси, турмуш ўртоғи билан ажрашган бир нафар фарзанди билан онасиининг уйида кун кечирмоқда. Уларнинг ҳимоячилари йўқ.

Маълум бўлишича, 2013 йил 8 апрель куни Чортоқ тумани собиқ ҳокими А.Бойхонов томонидан янги йўл тушиши муносабати билан фуқаролар ерларини йўлга ажратиб, уларнинг турар жойларини баҳолаш тўғрисида қарор чиқарилган. Шундан сўнг, 2013 йил 19 апрель туман ҳокими қарори билан турар жойлари “снос”га тушган фуқароларга ер ажратиб бериш маълум қилинган.

Ушбу қарорга мувофиқ фуқаро Норбоевага ҳам ҳокимият 6 сотих ер майдони ва 3 млн 400 минг сўм пул ажратиб берган. “Снос”дан кейин эса уларнинг уйлари умуман талабга жавоб бермайдиган ҳолатга келиб қолган.

Ҳаёт синовларига базўр чидаб келаётган Саидахон бошига яна бир синов тушди. Уларнинг уйларига энди “Комиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўғилой Боймирзаева кўз тикаётган эканлиги айтилмоқда. Маълум бўлишича, маҳалла раиси уй эгаларининг розилигисиз ҳокимият орқали у ерга эгалик қилиб МФЙ биноси қурдиришни бошлаб юборган.

“Комиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси нега айнан Саида Норбоевага тегишли ерни танлаган? МФЙ биноси қурдириш учун бошқа жойдан ер топилмадими? Ёдингизда бўлса, юқорида Саида Норбоеванинг шароити ва ҳимоячиси йўқлигини айтиб ўтган эдик.

Бу ҳолатни фақат икки оғиз сўз билан ифодалаш мумкин: Янги Ўзбекистонда инсонлар табақаланмоқда. Хўш, табақалаш бўлмаганида ҳеч кими йўқ, ижтимоий ёрдамга муҳтож аёлнинг ерини ўзлаштириб, унга ўзбошимчалик билан қарор чиқарилармиди?

Сайфулло Исахонов суриштирув бошида айнан воқеа қаҳрамони МФЙ раиси маҳалла учун бино қуриб берилмаганлиги ва у вақтинчалик ўзининг аввалги дўконини маҳалла биноси қилиб ажратиб олгани ҳақида айтди.

“Уларни огоҳлантирганмиз, бизга ўша ер туман ҳокимлигидан ажратилиб берилган, буларга  ушбу ер  майдони учун пул тўлаб берилган. Буларнинг ерлари йўл ҳисобида бўлиб қолгани учун аввалроқ 4 сотих ер ва ундан ташқари яна битта ер берилган экан. Айнан шунинг учун уларнинг ерлари бизга берилган. Мен сизларга бошқа маълумот беролмайман ва бу менинг ваколатимга ҳам кирмайди”, деб журналистнинг бошқа саволларига жавоб беришдан бош тортди МФЙ раиси Ўғилой Боймирзаева.

Фуқаро Саида Норбоева ҳеч қандай огоҳлантириш хати қабул қилмагани тўғрисида айтади. Маҳалла раисига ишонадиган бўлсак, фуқарога 6 сотих ердан ташқари, яна ер берилган экан, ер берилган бўлса, нега у ернинг эгаси бундан хабари йўқ?

Калаванинг учини топиш мақсадида журналист Чортоқ тумани ҳокимиятига борди. Ҳокимиятда мазкур масала билан шуғулланадиган мансабдор шахслар йиғилди ва ушбу муаммоли масала муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида, ҳоким ёрдамчиси Саидахон Норбоеванинг марҳум отасига тегишли ер бутунлай “снос”га тушганлиги ва 12 сотих ер учун етарлича пул берилгани ҳақида айтди.

Гарчи мазкур мурожаат давомида тегишли ташкилот ходимлари ернинг олиб қўйилганлиги ва компенсация пуллари тўлаб берилгани ҳақида маълумот берган бўлсада, вазият бўйича ўзига яраша савол пайдо бўлди.

2013 йил фуқаро Саида Норбоеванинг отаси Эркинбой Норбоевга тегишли ер қонуний тарзда ҳокимиятнинг заҳирадаги ерлар балансига ўтган бўлса, унда нега ер ҳужжатларда ва электрон базада фуқаронинг номида қолган? Фуқаро ҳокимият улушидаги ер учун қайси мезонлар асосида ер солиғи тўлаб келмоқда? Effect.uz масалага яна қайтади.