2019 йилда маданий мерос объектлари ҳокимлик ва департаментнинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда қайта давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса-да, айрим объектлар ҳозир мавжуд эмас. Бу ҳақда 8 январь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Маданият вазири Озодбек Назарбеков айтиб ўтди.

 

Анжуманда маълум қилинишича, ўтган 2020 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида 8 тадан, Фарғона вилоятида 13 та, Тошкент шаҳрида 3 та маданият объект маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан Маданият вазирлиги билан келишилмаган ҳолда ҳокимлик ҳисобига ўтказилиб, сотувга қўйиб, сотиб юборилган.

Озодбек Назарбековнинг таъкидлашича, бундай муаммоларга Маданият вазирлигининг аниқ позицияси шаклланади.

“Бизнинг энг оғриқли масаламиз — Маданият вазирлигининг зиммасида турган ва бизни ташвишга соладиган маданий мерос масаласи. Кўриб, гувоҳ бўлиб турибсиз, бир қанча маҳаллий ҳокимият ва идораларнинг таъсири жуда ҳам катта. Сабаби қайсидир ташкилотнинг ўзи маданий мерос объектида ишлаяпти. Лекин ўша ташкилотнинг бугунги кунда қурилган бинога муносабати шаклланмаган”, деди маданият вазири.

Маданият вазирининг айтиб ўтишича, кўплаб раҳбарларда маданий мерос объектларига нисбатан тушунча шаклланмоқда.

“Маҳаллий ҳокимиятларда бу муаммолар жуда ҳам кўп. Туман ёки шаҳар ҳокимлари билиб-билмай иш юритишяпти. Мана эътибор берадиган бўлсак, тарихий-маданий мерос объектлари шаҳар марказларида жойлашган. Бу эса, табиийки, марказларда ҳудудларга талабгорлар жуда ҳам кўп. Яъни маданий мерос объекти бўлишига қарамасдан, ўша бинода меҳмонхона ёки ресторан қуриш истагидаги тадбиркорлар кўп. Бундай салбий ҳолатларга айрим ҳолатларда ҳокимлар бефарқ ҳолда қарор чиқаришлари ёки тадбиркорларга объектнинг ёнидан ер беришлари ҳам сабаб бўлмоқда. Маданий мерос объектининг олдидан жой берилган тадбиркор бино қурмоқда ва унинг ортидан турли хил муаммолар чиқмоқда. Биз эса бундай ҳолатларни бино кўтарилганидан кейин, кўп ишлар амалга ошганидан кейин биляпмиз”, деди Озодбек Назарбеков.

Айни вақтда Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш департаментида 60 нафардан ортиқ ходим ишласа, маданий мерос объектлари 8 мингдан ортиқ. Буни кундалик ишга бўладиган бўлсак, «ходимларнинг бориб ўрганишига имконияти йўқ». Шу боис бу соҳага кўпроқ жамоатчиликнинг эътиборини йўналтириш режалаштирилган.

“2019 йилда маданий мерос объектлари ҳокимлик ва департаментнинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда қайта давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса-да, айрим объектлар рўйхатдан ўчириб юборилган. Бизда ўчирилган объектларнинг рўйхати турибди, лекин ҳозир ундай объектлар мавжуд эмас. Шунинг учун мана яқинда маданий мерос объектларининг рўйхатини қайтадан шакллантириб, кадастрини қилмоқдамиз. Кейин уни очиқ порталга жойлаб, жамоатчиликка кўрсатмоқчимиз”, деди у.