Сенатнинг 11-ялпи мажлисида Тошкент шаҳри ҳокими, сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳарсозлик соҳасида пойтахтда юзага келаётган муаммолар ҳақида гапирди.

“Кейинги пайтларда айрим фуқароларимиз томонидан ўзбошимчалик билан қурилиш ишларини амалга ошириш ҳолатлари кўпайиб кетди. Хусусан, Тошкент шаҳрида якка тартибда уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкасида кўп қаватли уйлар қуриш ҳолатлари ортиб бормоқда.

Бу ўша жойда қурилган кўп қаватли уйлардаги муҳандислик-коммуникация тизимларига салбий таъсир кўрсатиб, айримларининг қуввати етмай, айримларида эса турли авария ҳолатлари келиб чиқмоқда.

Масалан, 2020 йилда ўтказилган хатловда 100дан ортиқ якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида 3 қаватдан баланд бўлган уй жойлар қурилгани аниқланди. Ушбу ҳолат шу уйлар атрофидаги аҳолининг норозилиги ва коммунал соҳадаги муаммолар ортишига олиб келмоқда.

Ушбу янги таҳрирдаги кодекснинг 47-моддасига кўра, якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган ер майдонларига икки қаватдан ортиқ бино қуриш тақиқланади”, деди Ортиқхўжаев.

У янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодексидаги бошқа ўзгаришлар ҳақида маълумот берди ҳамда ушбу қонун халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашида муҳокама қилиниб, маъқулланганини билдирди.