Сўнгги икки кун ичида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари 35 дан ортиқ уйсиз одамни топиб, уларни «Меҳр-саховат» уйида бошпана билан таъминлади. Бу ҳақда ИИБ матбуот хизмати хабар берган.

Ҳозирги аёзли кунларда патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари ходимлари, профилактика инспекторлари уйларнинг ертўлаларидан, теплотрассалардан, кўп қаватли уйлар подъездларидан бошпанасиз одамларни қидириб топмоқда. Ёрдамга муҳтожлар Тошкент ИИББ томонидан муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази қошида ташкил этилган «Меҳр-саховат» уйига олиб кетилмоқда.

«Яхшилик ва мурувватдан умидини узган инсонларга бу ерда тиббий кўрикдан ўтиш, ўзларини тартибга келтириш, тоза кийим кийиш, иссиқ овқат тановул қилиш ва иссиқ жойда ухлаш учун шароит тақдим этилади», дейилади бошқарма хабарида.

«Агар сиз бошпанасиз қолган ва кўчада совқотаётган одамни кўриб қолсангиз, Тошкент шаҳар ИИББга 71-281-90-32 рақами орқали хабар беринг», — дея совуқда бошпанасиз қолган кишилар ҳақида хабар беришга чақирган муҳофаза қилиш органлари ходимлари.

Эслатиб ўтамиз, ИИББ қошидаги Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази 2018 йилнинг баҳорида ташкил этилган. У ерда уйсиз ва ҳужжатсиз қолган одамларга ижтимоий-ҳуқуқий ва тиббий ёрдам кўрсатилади. Улар иш билан таъминланиши мумкин. Ушбу ҳафтанинг бошигача марказда 160 дан ортиқ киши яшаган.

Facebook Comments