6 январ куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева президентнинг парламентга мурожаатида қийноқлар масаласига эътибор қаратилганини таъкидлаб, республикада бу нарсага мутлақо ўрин қолиши керак эмаслиги, Бош прокуратура, ИИВ, Омбудсманнинг фаолияти таҳлил қилинганда мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли баҳо берилишини айтиб ўтди.

«Кейинги масала қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтиришга тааллуқли. Мурожаатномада Олий Мажлис палаталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ мазкур масала юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқиши зарурлиги қайд этилган.

Жумладан, президентимиз Омбудсман томонидан амалга оширилиши керак бўлган асосий вазифалар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Яъни ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига «мониторинг ташрифлари» тизими йўлга қўйилиши, парламентда Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузаси эшитилиб, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш муҳимлиги таъкидланди.

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмиталаридан бу борада айрим муҳим жиҳатларга эътибор қаратишларини сўрайман. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва қийноқларга барҳам бериш бўйича сўнгги йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Буни бутун дунё ҳамжамияти тан олмоқда. Лекин бундай ҳолатлар республикамизда буткул бартараф этилди дейишимизга ҳали эрта», — дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенат раиси ўтган йили ҳуқуқ-тартибот органлари тизимида аниқланган қийноқларни қўллашга оид жиноятларга ҳам тўхталиб, бу масала жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга ва эътирозларга сабаб бўлгани, мазкур ҳолатлар аниқланишида ОАВ ва блогерларларнинг хизмати катта бўлаётганини таъкидлади.

«Ҳуқуқ-тартибот органларининг айрим вакиллари томонидан қийноқларни қўллашга оид жиноятлар содир этилгани ўтган йили оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга ва эътирозларга сабаб бўлгани сир эмас. Эътиборли томони, мазкур ҳолатларни ОАВ, жумладан, блогерларимиз кўтариб чиқишди. Айнан жамоатчилик таъсири туфайли ушбу ҳолатлар аниқланмоқда ва ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилмоқда.

Қийноқларнинг олдини олишда энг самарали механизм, шубҳасиз, очиқлик ва шаффофлик, таъсирчан жамоатчилик назоратидир. Шундай экан, биз – депутат ва сенаторлар ушбу масалада жамоатчилик билан яқин ҳамкорликни кучайтиришимиз талаб этилади. Яъни бу ҳолат билан ўзи шуғулланиши керак бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Омбудсман фаолияти доимий равишда энди мана Олий Мажлис палаталарининг эътиборида бўлади ва улар мана шу масала бўйича қилинган мониторинг ташрифлари натижалари, ҳар бир ҳолат бўйича ўзларининг ҳуқуқий баҳоларини палаталарга киритишади. Иккала палата ҳам бу масалани танқидий кўриб чиқади.

Республикада бу нарсага мутлақо ўрин қолиши керак эмас. Ҳозир инсонга бўлган эътибор шу даражада кучлики, қийноқ деган масала умуман Ўзбекистонда кун тартибидан чиқиб кетиши керак. Бош прокуратура, ИИВ, Омбудсманнинг фаолияти таҳлил қилинганда мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилади ва тегишли баҳо берилади. Масъул қўмиталардан бу борадаги ўрганишлар таҳлилларини янада кучайтириш талаб этилади», деб айтган Танзила Норбоева.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида тезкор қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурлиги, ушбу ҳолатлар ҳали ҳам учраб тургани, фуқароларда жиддий эътирозларни келтириб чиқараётгани ҳамда мамлакатимизнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаб, қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан Олий Мажлис палаталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказга ўз таклифларини ишлаб чиқиши учун икки ой муддат берган.