Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида спиртли ичимликдан заҳарланган 6-бемор 6 январь куни вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Ҳозирда 6 нафар бемор соғайган, бир нафари эса реанимацияда оғир аҳволда қолмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан 2 нафар шахс — А.С. (сотувчи) ва етказиб берувчи аёл Н.А.га нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган.

Уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 186 моддаси, 4-қисми «а» банди билан жиноий иш қўзғатилди.

Маълумот учун, Наманган вилояти Тўрақурғон туманида қалбаки “Градусник” спиртли ичимлигини истеъмол қилиб, захарланганлар сони аввал хабар қилинганидек, 12 нафар эмас, 13 кишидан иборат.

Захарланганлар орасида — 8 киши 31 декабрь куни туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Янги йилнинг илк кунлари яна 5 нафар фуқаро шифохоналарга ётқизилган. Аввалига 2 киши, кейинчалик яна 3 киши вафот этди. Уларнинг энг каттаси — 52 ёш, энг кичиги эса — 36 ёшда бўлган.

Ҳозирда 6 нафар бемор соғайган, бир нафари эса реанимацияда оғир аҳволда қолмоқда. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дилмурод Исмоиловнинг айтишича, зудлик билан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилгани туфайли бошқа бундай ҳолатлар юз бермаган.