Тўрақўрғон туманида қалбаки «Градусник» спиртли ичимлиги истеъмол қилиб, заҳарланганлар сони аввал хабар қилинганидек, 12 нафар эмас, 13 кишидан иборат.

Заҳарланганлар орасида — 8 киши 31 декабрь куни туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Янги йилнинг илк кунлари яна 5 нафар фуқаро шифохоналарга ётқизилган. Аввалига 2 киши, кейинчалик яна 3 киши вафот этди. Уларнинг энг каттаси — 52 ёш, энг кичиги эса — 36 ёшда бўлган.

Ҳозирда 6 нафар бемор соғайган, икки нафари эса реанимацияда оғир аҳволда қолмоқда. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дилмурод Исмоиловнинг айтишича, зудлик билан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилгани туфайли бошқа бундай ҳолатлар юз бермаган.

Туман прокурори Элёрбек Талабоев ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши очилгани ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қайд этган.