Жорий йилнинг 6 январь куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўзбекистон” Локомотив депоси бир қанча ёшлар учун эшикларини очди. Ушбу жараёнда Effect.uz мухбири Фазлиддин Меҳмонов иштирок этди.

Мухбирнинг маълум қилишича, шу куни депо раҳбари Аброр Исламов ва Тошкент вилояти Янгийўл тумани ҳокими Улуғбек Ялгашев ҳамда бошқа мутасаддиларнинг ташаббуслари билан Янгийўл туманида истиқомат қилувчи, ижтимоий ҳимоя, амалий кўмакка муҳтож, Темирйўл коллежини битириб, иш қидираётган ёшлар иш билан таъминланди.

Эндиликда улар ҳам институтда ўқиб, ҳам ишлашлари мумкин бўлади.

 

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш биз учун ҳам шараф ҳам бурчимиз ҳисобланади, уларни “сен ўқиркансан деб” ҳайдаб юбормаймиз, аксинча иш билан таъминлаб, ҳаёти яхшиланиши учун барча ёрдамимизни аямаймиз”, дейди Депо раҳбари Аброр Исламов.

Янгийўл тумани ҳокими Улуғбек Ялгашев ҳам бу борада ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Биз билан бирга туман аҳолиси ҳам хурсанд. Айниқса ёшлар бу ишлардан хурсанд бўлиши керак. Биринчи навбатда темирйўл коллежни битирган ўғил ва қизларимиз жалб қилинди. Уларни “ёшлар дафтари” рўйхатидаги базадан билиб олдик. Иккинчи навбатда қўлидан иш келадиган жумладан, пайвандчи, чилангар, электрик шу каби касбларни биладиган ёшларни таклиф қилдик.

Темирйўлчилар буларни ишга олса, дастлаб ота-онаси, ака-укаси, опа-сингиллари хурсанд бўлади. 60 нафар ёшлар иш билан таъминланса, уларнинг 5 нафар яқини хурсанд бўлса, 300 нафар фуқарони хурсанд қилган бўламиз. Улар давлатдан хурсанд бўлади деган яхши умидимиз бор”, дейди туман ҳокими Улуғбек Ялгашев.

Шу куни ёшлар Депонинг фаолияти бўйича кўплаб маълумотларга эга бўлдилар ва келажакда ўзлари учун янги касб уйини ихтиро қилдилар.