Қизириқлик фермерлар 4 январь куни бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Тошкентга келишди. Фермерларга Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳуқуқий маслаҳатлар берди. Улар ўзларига бўлган босимлар ҳақида депутатга юзланишди.

Жумладан, ҳокимият биносида “аризага қўл қўясан” дея мажбурланиш ҳолатлари ҳақида батафсил тушунтиришди.

 

Бир қатор раҳбарлар билан учрашувдан сўнг кейинги ҳафта 13 январь куни Олий мажлиснинг бир қанча депутатлари ҳамкорлигида Идоралараро комиссия тузилиб, Сурхондарёга бориб ўрганилади.

Комиссия таркибида Бош прокуратура, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Бизнес-омбудсман идораларига тегишли ходимлар бўлади. Бундан ташқари, комиссия таркибига яна бир нечта идоралар жалб этилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида 500 нафар фермернинг ери кластерга олиб берилаётганидан норози бўлган фуқаролар Effect.uz ахборот агентлигига мурожаат қилишди. Воқеалар ривожи ҳолисона ёритиб борилди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги бўлиб ўтган ҳодисалар бўйича берган баёнотида айрим ҳолатларга эътибор қаратмаган ёки буни истамаган.

 

Жумладан, ҳокимликнинг берган баёнотида якшанба дам олиш куни бўлишига қарамай, ҳокимиятда йиғилиш ўтказилгани тўғрисида ҳеч нарса айтилмаган. Журналистга раҳбарлар томонидан қилинган қўпол муомала ҳақида тушунтириш берилмаган.

Зеро, Effect.uz журналисти Фазлиддин Меҳмонов Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида очиқ сессияга киритилмаган. Ундан ташқари, вилоят ҳокимлигига чақирилган бўлсада, бироқ ўша куни якшанба дам олиш куни бўлгани учун раҳбарлар ишламаслиги айтилган. Аммо шу куни ҳокимиятда йиғилиш ўтказилган.

 

Қизириқ туманида бўлиб ўтган сўнгги йиғилишда туман ҳокими Илҳом Юсуповнинг ҳатти-ҳаракатлари бўйича маълумот берилмаган. Йиғилишдан чиққан фермерлардан бири “ҳоким Хажга бориб келган отамни ҳақорат қилди”, дея таъкидлаган эди. Бу ҳолат бўйича суриштирув ўтказиш ишлари амалга оширилишини таъминламаган. Бу ҳолатда фуқаронинг сўзлари ёлғон ёки рост эканлиги аниқланмаган. Шунга қарамай, ҳокимлик баёнотида фермерларга босим масаласи инкор қилинган. Яъни фермерларга ҳеч ким тегмаган ва уларга босим-таҳдидлар бўлмаган.

 

Шунингдек, Effect.uz манбасининг аниқлашича, 4 январь куни туман ҳокими Илҳом Юсупов Тошкент сари йўлга чиққан фермерларга ўзининг ишдан бўшагани тўғрисида ариза ёзганини маълум қилиб, йўлда улар билан суҳбатлашган. Суҳбат жараёнида ҳоким фермерларга “Тошкентга боришда эҳтиёт бўлиб кетинглар, мен ҳам ишдан бўшадим” деб шубҳали сўзларни келтириб ўтган. Ҳоким қандай мақсадда фермерлар билан бу мавзуда суҳбатлашгани айни вақтда Effect.uz’га маълум эмас.