Сурхондаё вилояти Қизириқ туманида бугун вилоят ҳокими Тўра Боболов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда иштирок этишни истаган Effect.uz журналисти ҳокимнинг буйруғи билан йиғилиш залидан чиқариб юборилди.

Ҳоким Тўра Боболовнинг шахсан ўзи Effect.uz журналистини ҳайдаб, чиқарди

Эслатиб ўтамиз, Effect.uz мухбири Фазлиддин Меҳмонов бир неча кундан Қизириқ туманида ушбу масалани омма эътиборига тақдим этиб, фермерларнинг мурожаатини ўрганмоқда.

Ҳоким йиғилиш тугагандан сўнг журналист билан учрашиб, фермерларнинг ери нега кластерга берилаётгани тўғрисида ва журналистнинг нега йиғилишда иштирок этишини истамагани тўғрисида гапириб ўтди.

 

“Мен фермерлар билан гаплашдим, мана сўнгги йилларда Қизириқ туманида қишлоқ-хўжалиги соҳасида нима ўзгаришлар бўлаётганига буларнинг биттаси ҳам жавоб бера олмади. Фермерларни ерини кластерга алмаштирганмиз. Бу ўзимизнинг ишимиз. ОАВ билан доим ҳамкорлик қиламиз”, деди ҳоким.

Журналист Тўра Боболовга савол билан юзланди: Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ҳокимлар фермер хўжаликларини тугатиб, ерни олиб қўйиш ваколатига эгами?

“Буни йиғилиш ҳал қилади. Агар давлат режасини бажармаган бўлса, буни кенгаш тайинлайди”, дея жавоб берди ҳоким.

Журналист: Бу жараён суд орқали ҳал қилинмайдими?

“Оғайни, бу ҳозирги талаб пахта режасини бажармаган бўлса, ғалла режасини бажармаган бўлса, нима қилиш керак? Ерни талон-тарож қилишга кимнинг ҳаққи бор. Тушунарлими? Ўзбошимчалик билан ерни тарқатиб беришга ҳеч ким ваколат бермаган. Тушунтира олдимми?”, дея орқасини ўгириб кетди ҳоким.

Ҳоким нега айнан ушбу йиғилишда журналистни ҳайдаб чиқарганини изоҳлай олмаган.

Фермерларнинг таъкидлашича, ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган йиғилишда уларга нисбатан босим ва таҳдидлар бўлган.

“Фермерларни бирортаси қолмайди, кластер билан ишлайсан деяпти. Шартнома асосида ишламайсан деяпти. Ишлаётган фермерлар қолса бўлади. Кейин ариза бермаган фермерларни ҳам тугатамиз дейишди. Бу йиғилишда натижа кўрмадик”, дейди фермерлардан бири.

Ҳоким йиғилишда фермерларнинг бирорта ҳам талабини эшитишни истамаган.

“Кластер билан ишлайсан деб тазйиқ ўтказишяпти. Шахсиятга тегиб, босим қилишди. Отам Хажга бориб келган, лой кўчалар ҳақида сизларга айтган. Мана шу ҳақида ҳам қаттиқ гапиришди”, деди фермерларнинг яна бири.

Маълумот учун, декабрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

Қонунга мувофиқ, мулкдорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан 2 та қонун ва 1 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, эндиликда вилоят, туман, шаҳар ҳокими қонунда назарда тутилган ҳолларда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, деҳқон хўжаликлари ва фуқароларга эгалик қилиш, фойдаланиш учун ва ижарага ер беришга, ушбу субъектларнинг ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга бўлган ҳуқуқини бекор қилишга ҳақли эканлиги белгиланди (илгари ҳокимлар бу субъектларнинг ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб қўйишга ҳам ҳақли бўлган).

Қонун билан Ер кодексига ҳам мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, кодексдан Вазирлар Маҳкамасининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини белгиланган тартибда бекор қилиш ҳамда ерларни олиб қўйиш билан боғлиқ ваколатлари чиқарилди.

Шунингдек, ушбу кодексга киритилган ўзгартишга кўра, ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатишнинг суд тартибида амалга оширилиши ҳолатлари белгилаб қўйилди (илгари ер участкасига эгалик қилиш ёки ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш барча ҳолатларда ҳокимларнинг қарорлари ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилган).

Қонун билан “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга:

давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан, ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши мулкдорнинг розилиги билан қонунда белгиланган тартибда амалга оширилиши;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори фақат адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда қабул қилиниши;

мол-мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилишига ҳамда бекор қилинишига йўл қўйилмаслигига оид қоидалар киритилди. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.