Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Effect.uz Ахборот агентлиги томонидан 2021 йилнинг 3, 4 январь кунлари эълон қилинган мақола ва видео лавҳалар юзасидан баёнот берди.

Баёнот тўлиқ шаклда келтирилмоқда. Баёнотдаги ҳар бир келтирилган сўз остидан Effect.uz Ахборот агентлигининг саволлари қайд этилади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги баёнотидан парча: “Яна эшиклар ёпиқ! Effect.uz ходими Сурхондарё вилояти ҳокимлигига киритилмади” сарлавҳали мақола ва видео лавҳа юзасидан:

Effect.uz Ахборот агентлиги мухбири бир неча бор туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, шунингдек вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари томонидан қабул қилинган ҳамда Қизириқ туманидаги фермер хўжаликлари раҳбарлари мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Бироқ, Effect.uz томонидан эълон қилинган мақола ва видео лавҳада вилоят ҳокимлиги вакиллари турли важлар билан қабул қилмаганлиги билдирилган. Бу эса аҳолида ҳокимлик фаолиятига нисбатан ишончсизлик уйғотишга олиб келган ҳамда ҳокимлик ходимларнинг иш фаолиятига салбий таъсир ўтказган.

Effect.uz саволи: Мухбир қачон ва қандай тарзда қабул қилинди? Туртинишлар ва қўполликлар биланми? Ҳуқуқий саводхонлиги ҳақида Олий мажлис депутати шубҳа билдирган мутассадилар мухбирга қандай ҳуқуқий тушунтириш беришган?

Турли важлар нима? Нега вилоят, туман ҳокимликлари очиқ ва шаффоф ишламайди? Журналистни, камерани кўрса, беркинади? Шу кунгача қайси ҳоким ёки мутассади бўлаётган ҳолатлар бўйича мардонавор минбарга чиқиб, аниқ ва лўнда тушунтириш бермади? Одамларни ҳокимлик фаолиятига ишончсизлик билдиришлари тарафдори эмасмиз.

Унутманг, ишонч сўраб олинмайди. Агар бунга ҳам ишонмасангиз, нейтрал журналист томонидан “Сурхондарёдаги ҳокимликлар фаолиятига қандай баҳо берасиз?” мавзусида ижтимоий сўровнома ўтказинг. Натижаси ҳақида ҳам баёнот беринг! Бироқ бу натижа сохта бўлмасин…

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги баёнотидан парча: Шунингдек, Effect.uz мухбири 2021 йилнинг 3 январь куни вилоят ҳокимлигига келиб, вилоят ҳокими билан суҳбатлашиш истаги борлигини маълум қилган, бироқ якшанба дам олиш куни эканлиги сабабли, мухбирга иш кунлари келиши лозимлиги тушунтирилган.

Шу билан бирга, мухбир томонидан вилоят ҳокимининг интервьюсини ташкил этиш юзасидан шу кунга қадар оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) мурожаат қилинмаган.

“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасида оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилиши белгиланган. Ушбу ҳақида мухбирга тегишли тушунтиришлар берилган.

Effect.uz саволи: Мухбир якшанба куни ўзидан-ўзи ҳокимият дарвозаси остига бормаган. Уни вилоят ҳокими билан учраштириш мақсадида чақиришган. Бироқ, ҳокимиятдаги масъулларнинг шу куни якшанба дам олиш куни эканлиги ёдига тушган. Шунга қарамай, меҳнаткаш идора раҳбарлари раислигида дам олиш куни йиғилиш ўтказилган. Баёнотда бу ҳақда нега лом-лим дейилмаган? Мухбир ёлғончи бўлса, унда видеолавҳалар гапиради, агар бу ҳам сохталаштирилган бўлса, ҳокимият “автостоянкаси”да қатор тизилган машина эгалари виждони бўлса, гапиради.

 

Ҳоким билан интервью қилиш учун етти кун кутиш? Унутманг, муаммо Сурхондарёда содир бўляпти, бунгача бир нечта хорижий ўзбек тилидаги ОАВ бу ҳақида ёритишга улгурди. Муаммо ҳокимлик билан юзага келмоқда, мухбир ҳокимни етти кун эмас, ҳатто 7 дақиқа кутмасликка ҳаққи бор.

У ҳокимдан мажбуран интервью олишга шайдо бўлмаган. Гапи бўлса, ОАВ ҳар қайси фуқаро учун очиқ. Хусусан, Effect.uz ахборот агентлиги бу жараёнда ҳам фуқаролар ҳам давлат идоралари билан ҳолисона ҳамкорликни йўлга қўяди. Зеро, бир кўприкдан ҳамма ўтиши мумкин. Тушунтиришлар ҳақида эса гап йўқ!

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги баёнотидан парча: Бундан ташқари, Қизириқ туманида мухбирнинг халқ депутатлари Кенгаши сессиясига киритилмаганлиги билдирилган.

 

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига асосан сессияга таклиф этиладиган шахслар сонини аниқлаш ва сессия ишини ташкил этишга доир бошқа масалалар халқ депутатлари Кенгашининг Иш тартибига мувофиқ белгиланади. Effect.uz мухбири сессияда иштирок этиш юзасидан Кенгашга мурожаат қилмаганлиги сабабли таклиф қилинганлар рўйхатига йўқлиги боис сессияга ҳам киритилмаган.

Effect.uz саволи: Ҳа, Effect.uz ахборот агентлигининг оёқ-ости бўлган журналисти вилоят ва туманда деярли 11 кундан бери бир масала билан шуғулланмоқда. У ўз манфаати ёки фермерлар манфаати учун курашмаяпти. Журналист Президент Шавкат Мирзиёев такрорлайдиган “адолат, адолат ва яна адолат” барқарор бўлиши учун меҳнат қилмоқда. Омма эътиборига жиддий мавзуни хулоса қилиш учун ўртага ташлади.

Қизириқда ИИБ ходими унинг очиқ сессияга киритилишига қарши чиқди? Тасаввур қилдингиз-а, очиқ сессия, ёпиқ эмас. Бироқ журналист дастлаб, ўша ернинг ўзида қаршиликка учради ва содир бўлган жараённи кўплаб фактлар билан омма эътиборига ҳавола қилди. Сиз айтаётган рўйхат қайси? У ҳам маҳфийми?

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги баёнотидан парча:Ҳокимлар қабул қилмаса, Президент қабулхонасига борамиз! Сурхондарёда фермерлар норози”, шунингдек, “Тўра Боболов раислигида ўтган йиғилишда қизириқлик фермерларга босим ва таҳдид бўлгани айтилмоқда” сарлавҳали видео материаллар юзасидан:

 

Қизириқ туманида охирги йилларда пахта ва ғаллачилик соҳасида юқори натижаларга эришилмаганлиги, туман фермер хўжаликларининг солиқ ва таъминотчи корхоналар, шунингдек, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси олдида юзага келган катта қарздорликлари шу кунга қадар сўндирилмаётганлиги, фермер хўжаликларида ишловчи ходимларнинг иш ҳақлари вақтида берилмасдан қолмоқда.

Шу боис, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан туманда қишлоқ хўжалигини такомиллаштириш мақсадида пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш тўғрисида таклиф киритилиб, “Surxon cotton tekstil cluster” МЧЖ танлаб олинган.

Мазкур ҳолат бўйича Қизириқ туманидаги фермер хўжаликларининг норози бўлиб, қилган мурожаати юзасидан мухбир ва фермерларга туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, шунингдек вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари томонидан бир неча бор ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Жумладан, бугун 4 январь куни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Қизириқ туман ҳокимлиги биносида фермер хўжаликларини қабул қилган. Қабул давомида мурожаат эгаларининг ҳар бири бирма-бир тингланган. Уларга нисбатан ҳеч қандай босим ёки таҳдид бўлмаган. (!)

Қабул давомида фермерларга ушбу кластер қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларининг намунаси эканлиги, эндиликда фермерлар кластер билан ҳамкорликда фаолият юритишлари мумкинлиги тушунтирилган.

Effect.uz саволи: Тан оламиз, фермерлар ҳокимлар қабул қилмас экан Президентдан ёрдам сўрашга мажбур бўлишларини айтиб ўтишди. Фермерлар бу жараёнда ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишмоқда.

Фермер хўжаликларида ишловчи ходимларнинг иш ҳақлари вақтида берилмасдан қолмоқда? Бу борада фермерлар билан тушунтириш ишларини ким олиб бориши керак эди? Нега энди айнан саноқли фермерларнинг касрига ишини тоза бажараётганлари ҳам калтак ейиши керак? Ёки фермерларнинг ҳаммаси ишчиларининг маошларини бермасдан келмоқдами? Агар шундай бўлса, ҳокимият буни исботлаб бериши керак. Лозим бўлса, ишчиларига маошини беролмаётган фермерларни қонуний жазога тортиш тарафдоримиз.

Баёнотда “Surxon cotton tekstil cluster” МЧЖ танлаб олингани айтилган, нега бу кластер раҳбари эски “катталар”дан бўлгани очиқланмаган. Effect.uz ахборот агентлигида бу борада ҳам маълумотлар бор. Агар сизларда бўлмаса, уни тақдим этишимиз мумкин. Ҳоким Тўра Боболов айтганидек, ОАВ ҳам давлат идоралари билан яхши ҳамкорлик тарафдори.

Қизириқ туманида охирги йилларда пахта ва ғаллачилик соҳасида юқори натижаларга эришилмаганлиги, туман фермер хўжаликларининг солиқ ва таъминотчи корхоналар, шунингдек, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси олдида юзага келган катта қарздорликлар ҳақида фермерларга тушунтириш бериб ўтилган бўлса, нега фермерлар тинимсиз ОАВга мурожаат қилишмоқда. Бу саволга ҳам батафсил жавоб керак.

Ҳа, 4 январь куни Тўра Боболов Қизириқ тумани ҳокимлиги биносида фермерларни қабул қилди, ичкарига киритилмаган бўлса ҳам, Effect.uz мухбири ташқарига чиққан баланд овозлардан хабардор. Тешик қулоқ эшитадида, барибир…

Фермерларга ушбу кластер қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларининг намунаси эканлиги, эндиликда фермерлар кластер билан ҳамкорликда фаолият юритишлари мумкинлиги тушунтирилган. Фермерлар тушундими? Ёки мухбирга тушунтира олганингиз каби фермерларга ҳам тушунтириб қўя олдингизми? Ҳа, биз нега тушуна олмаяпмиз? Малол келмаса, яна бир тушунтириб беринг…

Дарҳақиқат, қабул давомида мурожаат эгаларининг ҳар бири бирма-бир тингланган. Бу ҳақида бироз кейинроқ…

“Уларга нисбатан ҳеч қандай босим ёки таҳдид бўлмаган?”. Аниқ, бўлмаганми? Исбот-далил борми, биз ичкарига кира олмаган бўлсак ҳам, ҳокимиятнинг баҳайбат биносида кузатув камералари бор? Улардаги материалларни тегишли ташкилотларга кесмасдан тақдим қила оласизларми, агар мумкин бўлса… Баёнот шунда ишонарли бўларди.

Иккинчи вариант: Йиғилишдан чиқиб, ОАВ ходимига “бизга таҳдид бўлди, бизга ичкарида босим бўлди, Хажга бориб келган отамни катта залда ҳақоратлади” дея маълумот берган фермерларни жазога тортинг. Ташаббус кўрсатинглар, қўллаб-қувватлайтик! Аксига олиб, жазо берилаётганда йиғилиш видеотасмалари туширилган кассетада “PLAY” босилган бўлсин.

Ушбу жараёнлар ОАВ ва давлат идоралари ўртасидаги “ринг” бўлишига қаршимиз, биз ситқидилдан ўз вазифамизни бажаряпмиз. Янги Ўзбекистон – Имкониятларга бой мамлакат.

Ўйлаймизки, Effect.uz эффекти кўплаб инсонларнинг хотирасида узоқ вақтлар сақланиб қолади. Ҳокимликнинг қуруқ ва арзимаган баёноти эса тарих зарварақларига мухрланажак. Бироқ, унутманг барча амалларимизни тепада кузатаётган бор…

Мавзуга доир:

Сурхондарёда 500 дан ортиқ фермер хўжаликларнинг ери тугатилиб, кластерга олиб берилмоқда. Ишга Бош прокуратура аралашиши мумкин

Қизириқда фермерларнинг ери адолатсиз равишда кластерга олиб бериляпти. “Қотиб қолган” раҳбарлар масалага панжа ортидан қараяптими? (Effect.uz суриштируви)

Депутатларни фақат расмда кўрганмиз. Қизириқ – Ўзбекистондаги “Африка” (Effect.uz суриштируви)

Effect.uz журналисти Қизириқ туманида бўлиб ўтаётган Халқ депутатлари Кенгашининг очиқ сессиясига киритилмади. Ички ишлар ходимлари журналистни кўчага кузатиб қўйишган.

“Халқ вакилларининг мажлиси халқдан яширилиши мумкин эмас. Бу қонунларга зид ҳаракат” – Расул Кушербаев

Effekt.uz эмас, Effect.uz ёзилади: Қизириқ тумани ҳокимиятига саволлар бор?

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Қизириқдаги фермерлар масаласини ўрганиши маълум бўлди

“Бунақа одамлар билан Ўзбекистонни қуриб бўлмайди” – Расул Кушербаев

Яна эшиклар ёпиқ! Effect.uz ходими Сурхондарё вилояти ҳокимлигига киритилмади

Сурхондарё вилояти ҳокимлигида дам олиш куни йиғилиш ўтказилди

Ҳокимлар қабул қилмаса, Президент қабулхонасига борамиз! Сурхондарёда фермерлар норози. (Effect.uz суриштируви)

“Балиқ бошидан сасийди” – Сурхондарёлик фермерлар Тўра Боболовдан нажот бўлмаса, Тошкент сари йўлга чиқмоқчи…

Ҳоким Тўра Боболовнинг шахсан ўзи Effect.uz журналистини ҳайдаб, чиқарди

“Тушунтира олдимми?” – Тўра Боболов фермерлар иши бўйича ўта қўпол муомалада изоҳ берди. Фермерларга ичкарида таҳдид бўлган

“Ҳоким хажга борган отамни ҳақорат қилди. Халқ бор, давлат бор!” – қизириқлик фермер