Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси “Бир неча фуқаролар ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатмоқда” сарлавҳаси остида тарқалган хабар юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, 31 декабрдан 1 январ кунига ўтар кечаси соат 04:00 ларда, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Муқимий кўчасида “Матиз” автомобили ҳайдовчиси ЙПХ ходимининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатланган.

 

Чилонзор тумани, Қатортол кўчасида ҳайдовчи бошқарувни йўқотган ва автомобил бетон тўсиқ устига чиқиб тўхтаган. Автомашинада бўлган 4 нафар фуқаро ҳодиса жойига етиб келган ИИББ ЙПХ ва ППХ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан ўткир тиғли жисмлар билан қаршилик кўрсатган.

Фуқаролардан бир нафари ушланиб, туман ИИБга олиб келинган. Қолган 3 нафар фуқаро ҳодиса жойидан яширинган. Ҳозирда барча фуқаролар шахсига аниқлик киритилиб, ҳодиса юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси муносабатида ППХ ходими нима сабабдан чўнтагидан қурол олиб, чиқаётгани тўғрисида айтилмаган.