Жорий йилнинг 22 декабрь куни 17 ёшга тўлиш арафасида бўлган ёзёвонлик йигит Абдулазиз Абдурасулов “Катта Фарғона” каналига чўкиб кетган. Буни йигитнинг дўстлари ҳам тасдиқлашди.

Дастлабки маълумотларга кўра, у севган қизи билан урушиб қолиб, шу йўлни танлаган бўлиши мумкин. Катта эҳтимол билан йигит ҳалок бўлган. Айни вақтда йигитнинг мурдасини ФВВ қутқарув гуруҳи тезкор ходимлари, йигитнинг отаси ва маҳалладошлари каналдан излашмоқда.

Effect.uz мухбири Машҳурбек Назаров ҳолат бўйича журналистик суриштирув ишларини олиб бориб, йигитнинг отаси билан суҳбатлашди.

 

“Сувнинг остки қисмидаги босим юқори. ФВВ ходимлари ҳам имкон борича ёрдам беришмоқда. Сувни пасайтириб беришса, мен ўғлимнинг ўлигини бўлса ҳам топган бўлардим. Халқ, маҳалла одамлари ҳам ҳар куни ёрдам  беришяпти. Мурожаат қилдик, сувни бироз пасайтириб беришди.  Аммо шунда ҳам ўғлимни на ўлиги на тириги топилмаяпти.

Адашмасам, ўғлим ўзининг жонига қасд қилган. Ўзим Россияда эдим, Ўзбекистонга Қирғизистондан кириб келдим. Уйдагиларга бу ҳақида айтмаган эдим, айтсам бўлмасмиди. Дўстларининг айтишича, ўзи сувга ташлаган. Нима бўлганини фақат ўша дўстлари ва Худо билади холос. Асосий мақсад боламни топиб олсам, бўлди. Ўлигини бўлса ҳам бир бағримга боссам бўлди эди”, дейди Абдулазизнинг отаси.

Йигит йўқолган кундан бери қидирув ишлари бошлаб юборилган. Мана орадан 13 кун вақт ўтди-ки, бола топилмаяпти. Абдулазизнинг ҳалок бўлгани ҳақида эса аниқ маълумотлар йўқ. Йигитнинг яқинлари қидирув ишлари жадаллашиши оқибатида ҳеч бўлмаса унинг жасади топилишни истамоқда.

Куни-кеча ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоларда отаси маҳалладошлари билан чўкиб кетган ўғлини бир неча кундан бери каналдан қидираётгани тасвирланган эди.

“Абдулазиз, Абдулазиз” дея дод-фарёд чекяпти ота. Бу дунёда ҳеч қачон ота-она боласининг мурдасини кўрмасин. Энг ачинарлиси, Абдулазиз отасининг ёлғиз ўғли бўлган.