Маълум бўлишича, йиғилишда ери кластерга олиб берилаётган фермерлар масаласи кўрилиши режалаштирилган. Тўра Боболов қизириқлик фермерларнинг мурожаатига жавоб берди. Бироқ…

Маълумки, Effect.uz мухбири Фазлиддин Меҳмонов бир неча кундан Қизириқ туманида ушбу масалани омма эътиборига тақдим этиб, фермерларнинг мурожаатини ўрганмоқда.

Қизириқда фермерларнинг ери адолатсиз равишда кластерга олиб бериляпти. “Қотиб қолган” раҳбарлар масалага панжа ортидан қараяптими? (Effect.uz суриштируви)

Журналистнинг хабар беришича, бугун бўлиб ўтаётган йиғилишни вилоят ҳокими Тўра Боболовнинг шахсан ўзи ОАВда ёритишга рухсат бермаган. Ҳоким ўта қўполлик билан журналистни йиғилишдан ҳайдаб чиқарган.

 

Журналист ҳокимга юзланиб, “қилаётган ҳаракатларингиз қонуний ёки тўғрими?”, дея савол берганда Тўра Боболов бу саволни жавобсиз қолдирган. Аксига олиб, жаҳл билан “нима, нима демоқчисиз? Сиз билан ҳам гаплашамиз”, дея қўполлик билан ўшқириб берган. Вилоят раҳбарининг олдида туман ҳокими Илҳом Юсупов ҳам бўлган.

Омма эътиборига ҳавола қилинган масала қолаверса, шаффофлик билан ўтказилиши лозим бўлган йиғилишдан журналист нега ҳайдаб чиқарилади. Бу ҳудудда журналистларнинг заррача қадр-қиммати борми? Ёки жаноб Тўра Боболов журналист сизга душман ҳисобланадими? Нега мажлисда журналист иштирокини истамадингиз? Демак, бир гап бор… “Балиқ бошидан сасийди” деган нақл кимга ишлатилиши кераклигини адашмасак, мана энди тушуниб етяпмиз.

Эслатиб ўтамиз, Қизириқ туманидаги фермерлар ишини ўрганаётган журналист Сурхондарёда бугунгача учинчи марта турли йиғилишларга киритилмади.

Кеча, 3 январь куни вилоят ҳокимлигига чақирилган бўлишига қарамай, у ичкарига киритилмади. Бунга якшанба дам олиш куни эканлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Аммо шу куни ҳокимиятда йиғилиш ўтказилган.

Сурхондарё вилояти ҳокимлигида дам олиш куни йиғилиш ўтказилди

Ундан аввалроқ эса Қизириқ туманида бўлиб ўтган очиқ сессияда туман ИИБ раҳбари томонидан кўчага кузатиб қўйилган. Сурхондарёлик фермерлар агар бугунги йиғилишда Тўра Боболовдан нажот бўлмаса, Тошкент сари йўлга чиқмоқчи ва Давлат раҳбаридан ёрдам сўрашмоқчи.

“Балиқ бошидан сасийди” – Сурхондарёлик фермерлар Тўра Боболовдан нажот бўлмаса, Тошкент сари йўлга чиқмоқчи…

Мухбирнинг қўшимча қилишича, ёпиқ эшиклар ортида ўтаётган йиғилиш бақир-чақир овозлари билан ўтган.