Бугун, 4 январь куни Сурхондаё вилояти Қизириқ тумани ҳокимлигида вилоят ҳокими Тўра Боболов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда иштирок этишни истаган Effect.uz журналисти ҳокимнинг буйруғи билан йиғилиш залидан чиқариб юборилди.

 

Эслатиб ўтамиз, Effect.uz мухбири Фазлиддин Меҳмонов бир неча кундан Қизириқ туманида ушбу масалани омма эътиборига тақдим этиб, фермерларнинг мурожаатини ўрганмоқда.

Йиғилиш якунлангандан сўнг фермерлардан бири: Қизириқ тумани ҳокими Илҳом Юсупов Хажга бориб келган отамни ҳақорат қилди, катта залда, ҳаммани олдида ҳақорат қилди. Отам Худони уйини кўриб келган ахир, дея журналистга юзланди.

Қизириқ тумани ҳокими – Илҳом Юсупов Ўнгдан биринчи

Унинг қўшимча қилишича, фермерлар ерлари кластерга олиб берилаётганидан норози бўлиб, Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўрайдилар.

“Халқ бор, давлат бор! Биз Шавкат Мирзиёевдан масалани ечимини топишда ёрдам сўраймиз. Тошкентга эртага етиб борамиз”, дея таъкидлади у.

 

Маълумот учун, вилоят ҳокими Тўра Боболов журналистни йиғилишга киритмагандан сўнг ташқарига чиқиб, вазиятни ўта қўпол муомала билан изоҳлади.

“Мен фермерлар билан гаплашдим, мана сўнгги йилларда Қизириқ туманида қишлоқ-хўжалиги соҳасида нима ўзгаришлар бўлаётганига буларнинг биттаси ҳам жавоб бера олмади. Фермерларни ерини кластерга алмаштирганмиз. Бу ўзимизнинг ишимиз. ОАВ билан доим ҳамкорлик қиламиз”, деди ҳоким.

Журналист Тўра Боболовга савол билан юзланди: Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра, ҳокимлар фермер хўжаликларини тугатиб, ерни олиб қўйиш ваколатига эгами?

“Буни йиғилиш ҳал қилади. Агар давлат режасини бажармаган бўлса, буни кенгаш тайинлайди”, дея жавоб берди ҳоким.

Журналист: Бу жараён суд орқали ҳал қилинмайдими?

“Оғайни, бу ҳозирги талаб пахта режасини бажармаган бўлса, ғалла режасини бажармаган бўлса, нима қилиш керак? Ерни талон-тарож қилишга кимнинг ҳаққи бор. Тушунарлими? Ўзбошимчалик билан ерни тарқатиб беришга ҳеч ким ваколат бермаган. Тушунтира олдимми?”, дея орқасини ўгириб кетди ҳоким.

Ҳоким нега айнан ушбу йиғилишда журналистни ҳайдаб чиқарганини изоҳлай олмаган.

 

Фермерларнинг таъкидлашича, ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган йиғилишда уларга нисбатан босим ва таҳдидлар бўлган.

“Фермерларни бирортаси қолмайди, кластер билан ишлайсан деяпти. Шартнома асосида ишламайсан деяпти. Ишлаётган фермерлар қолса бўлади. Кейин ариза бермаган фермерларни ҳам тугатамиз дейишди. Бу йиғилишда натижа кўрмадик”, дейди фермерлардан бири.

Ҳокимлар йиғилишда фермерларнинг бирорта ҳам талабини эшитишни истамаган.

“Кластер билан ишлайсан деб тазйиқ ўтказишяпти. Шахсиятга тегиб, босим қилишди. Отам Хажга бориб келган, лой кўчалар ҳақида сизларга айтган. Мана шу ҳақида ҳам қаттиқ гапиришди”, деди фермерларнинг яна бири.

Мухбирнинг қўшимча қилишича, ёпиқ эшиклар ортида ўтаётган йиғилиш бақир-чақир овозлари билан ўтган.

Қизириқ туманидаги фермерлар ишини ўрганаётган журналист Сурхондарёда бугунгача учинчи марта турли йиғилишларга киритилмади.

Кеча, 3 январь куни вилоят ҳокимлигига чақирилган бўлишига қарамай, у ичкарига киритилмади. Бунга якшанба дам олиш куни эканлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Аммо шунга қарамай ўша куни ҳокимиятда йиғилиш ўтказилган.

Ундан аввалроқ эса Қизириқ туманида бўлиб ўтган очиқ сессияда туман ИИБ раҳбари томонидан кўчага кузатиб қўйилган.