Бугун, 3 январь якшанба дам олиш куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Effect.uz мухбири хабар берди. Айни вақтда ҳокимликдаги йиғилиш қандай мавзуда эканлиги бизга номаълум. Ҳокимият расмий сайтида бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ.

“Йиғилиш бўлиб ўтаётганини ҳокимлик биноси атрофидаги қатор машиналар карвонидан ҳам билиш мумкин. Бизни вилоят ҳокими Тўра Боболов билан учрашиш учун чақиришганди. Аммо негадир бизни ичкарига киритишмади. Бунга якшанба дам олиш куни эканлиги сабаб қилиб кўрсатилди. Бироқ бугун якшанба куни бўлса, нега унда ҳокимиятда мажлис бўлиб ўтяпти”, дейди мухбир.

 

Ёдингизда бўлса, аввалроқ Effect.uz мухбири Фазлиддин Меҳмонов Қизириқ туманида ери кластерга мажбуран олиб берилаётган фермерлар ишини ўрганмоқда. У аввалроқ Қизириқ туманида бўлиб ўтган Очиқ сессияга ҳам киритилмаган эди.

 

Аслида янги йил байрамида иш ҳафтасининг давомийлигидан қатъи назар барча ходимлар кетма-кет 3 кун дам олиши қайд этилган. Янги йил байрами арафасидаги дам олиш кунлари 2020 йил 3 декабрдаги ПФ-6122-сонли Президент фармони асосида белгиланади. Унга кўра, 2 январь, шанба куни 6 кунлик иш ҳафтасида меҳнат қилаётганлар учун ҳам дам олиш куни сифатида белгиланди.

Иш ҳафтасининг давомийлигидан қатъи назар Янги йил байрами арафасида барча ходимларга қуйидаги саналар дам олиш куни ҳисобланади:

1 январь – жума;

2 январь – шанба;

3 январь – якшанба.

Ажабланарлиси, ҳокимиятдаги йиғилишда иштирок этиш учун келган амалдорлар ўзининг ҳақ-ҳуқуқини билмаслигида. Чунки Ўзбекистон меҳнат кодексида “Дам олиш кунлари йиғилиш ўтказилмайди”, дея қайд этилган. Аммо меҳнат кодекси ва журналистнинг давлатга дўст эканлиги Сурхондарё вилоятида татбиқ қилинмагани маълум бўлмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий мажлис ва Халққа мурожаатида:

“Қоғозбозлик билан мажлисни қанча қисқартирсак, шунча натижа бўлади. Кераксиз мажлис кўп. Икки соат мажлисгаям давлатнинг пули кетади. Давлатнинг вақти кетади”, дея таъкидлаган эди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишининг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари, ОАВ вакиллари билан мулоқот бўлиб, ўз сўзида яна бир бор журналист ва блогерларга раҳмат айтиб, улар давлатнинг душмани эмаслигини таъкидлаган эди.

“Оммавий ахборот воситаларига раҳмат. Улар давлатимизга душман эмас, дўст. Улар баланд овозда адолатни, ҳақиқатни айтиб турмаса, раҳбарларнинг оёғи дарров ердан узилиб қолади. Халқимиз, уйингга эски тўнингни илиб қўйиб, кимлигингни унутма, деганидек, ҳамма раҳбарлар шу элнинг фарзанди, вакили эканини доим ёдда тутиши керак. Юртимиздаги тинчликнинг қадрига етиб, халқимизга муносиб шароит яратишимиз зарур”, деди давлат раҳбари.

Мазкур ҳолатлар бўйича Effect.uz раҳбари Акмал Эшонхонов Ахборот оммавий коммуникация агентлигидаги масъуллар билан боғланди. АОКА масъуллари ҳолатни назорат қилишга ваъда беришди.