Маълумки, Effect.uz журналисти Фазлиддин Меҳмонов, Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида 500 нафардан ортиқ фермерлар мурожаати бўйича журналистик суриштирув олиб бормоқда. Журналист қарийб 10 кундан бери мазкур масала билан шуғулланяпти.

Ижтимоий тармоқларда, хусусан Effect.uz сайтида фермерлар иштирокида бир неча марта видео чиқишлар ва танқидий материаллар эълон қилинди. Бироқ Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов шу муддат давомида мазкур мурожаатларга, танқидларга ҳеч қандай муносабат билдирмасдан келмоқда.

“Балиқ бошидан сасийди” деган нақл айнан шу воқеага мос десак хато бўлмайди. Негаки 500 нафар фермер Қизириқ тумани ҳокимидан наф чиқмаганидан кейин, айнан вилоят ҳокимидан кўмак сўраб, 4-5 кундан бери ҳокимият олдида тўпланмоқда.

 

Кундан-кунга фермерларнинг сабри тугамоқда, ери олиб қўйилаётгани оқибатида ишсизликдан оч қолаётган одамлар ҳокимият қарорига қараб турмасликни таъкидлаб келмоқда.

Нима сабабдан якшанба куни ҳокимиятда мажлис ўтказган ҳокимият вакиллари, фермерларга тайинли жавоб бера олмаяпти? Бунинг тагида қандай сир бўлиши мумкин?

Фермерлар айнан ўзларининг сўнгги мурожаатларида эртага, 4 январь куни вилоят ҳокимлигига яна бир марта боришни ва улардан кўмак сўрашни режалаштирган. Агар ҳокимият масъуллари фермерларга керакли ёрдамни бера олмаса, улар Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаш учун Тошкент сари йўлга чиқишмоқчи. Бунгача фермерлар бир неча марта Президенти қабулхонасига мурожаат хатлари билан чиқишган. Аммо…

Шу сабабли, фермерлар эртага 4 январь куни яна бир бор вилоят ҳокимлигига ташриф боришларини такидлаб, агарда натижа бўлмаса, адолат истаб, пойтахтга йўл олишларини айтиб ўтишди.

Воқеалар жараёнини Effect.uz саҳифаларида кузатиб боринг.