Бугунги кўрсатув қаҳрамони олдингиларига ўхшамайди, аслида у ҳам иқтидорли ёшлардан ҳисобланади. Фақат унинг истеъдоди сабр-бардошидадир…

Эндигина 16 ёшни қаршилаган Севинч Каримованинг шу қадар катта қалби, шу қадар гўзал сабри борки, ундаги матонат аслида улкан қобилиятдир.

 

“Мен 6-синфда ўқийман, орзуларим жуда ҳам кўп. Она-тили, адабиёт фанига жуда қизиқаман. Бошқа фанлардан ҳам аъло ўқийман, бўш вақтларимда тикувчилик билан шуғулланаман. Расмларда манзараларни чизаман, кўйлакларни ҳам чизиб тураман”, дейди Севинч Каримова.

Севинчнинг отаси қизи буйрак-нефрология хасталиги билан оғригани учун етти ярим ойликда туғилганини маълум қилди.

“Асли касаллик ўша пайтдан бошланган эди. Вакумда туғилиб, вакумдан чиққандан кейин, касаллиги янада кучайиб кетди. Олиб бормаган жойим қолмади: Самарқанд, Бухоро, охири пойтахтдаги республика рухий-ҳасталиклар шифохонасига бориб, ДСП касаллиги ташхиси қўйилди. Даволаш жуда қийин эканлигини билиб, Туркиядан шифокор чақириб, аниқ диагнозни қўйгандан кейин қизим тўрт жойидан операция бўлди”, дейди Севинчнинг отаси Икром Каримов.

Онаси Дилдора Маҳмудова қизининг ёшлигидан ҳимояга муҳтож бўлгани учун бор меҳрини берганини, асраб-авайлаб тарбия қилишга ҳаракат қилганини айтади.

“Дўстларидан тенгдошларидан кам бўлмаслиги ва ҳаётда ўз ўрнини тутиши учун бор меҳримни, кучимни ишга солдим. Қийинчиликлар бор, ҳамма ота-она фарзанди соғлом бўлишини истайди. Истардикки, фарзандимиз ҳеч кимдан кам бўлмасин”, дейди унинг онаси.

Севинч ўзининг дугоналари билан яхши муносабатда эканлигини қайд этди.

“Дугоналарим мени кўнглимга қарайди, мани ногирон экан деб итариб ташлашмайди. Улардан жуда ҳам миннатдорман”, дея айтади Каримова ўз дугоналари ҳақида.

16 ёшли қизнинг 16 йиллик умр хотираларида юриш учун кураш, шифохоналарда узундан-узун кечкан лаҳзалар сурати мухрланиб қолган. Дастлаб бу қиз эмаклаб, қўллари ёрдамида юрар эди. Ўз оёғида тик туриши учун ҳозирга қадар, 7 марта жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Ҳар гал жарроҳлик столига ётганида, унинг қалбидаги умид ва ишонч оғриқлардан қўрқмай, дадил бўлишга ундаган. Ҳар бир жарроҳлик иш мураккаб кечган ва у соатлаб давом этган.

“Оёғимда югуриб чопиб кетишни жуда ҳам орзу қиламан. Албатта, операция оғриқсиз бўлмайди, оғриғини ота-онамга айта олмайман. Ўзимни ичимга ютаман бўлди. Ўзи бир оғрийди кейин яна ўтиб кетади. Докторларим ҳам доим даволаш учун чақиришади. Аммо менинг у ерга боришга етарли маблағим йўқ, тўғрисини айтсам. Мурувватга бой, саховатли инсонлардан менга ёрдам беришларини илтимос қилиб, сўраган бўлардим. Инсон учун ўз оёғида юриш энг катта бахт! Қани эди…”, дея йиғлаб юборди Севинч Каримова.

Севинчнинг яна ўша қадрдон шифохонасига борадиган вақти бўлган, яна ўша соатлаб чўзиладиган операция столига чиқмоқчи у… Оғриқлардан қўрқмайди, фақат жарроҳлик амалиёти учун маблағни тўплашга ёрдам берадиган бўлса бас.

Севинч ўзи айтганидек, келажакда яхши инсон бўлиб, атрофдагиларнинг кўмагини қайтаришни орзу қилади. Кўнглингиз учун поклик, ўзингизни фарзандларингиз учун савоб иш қилмоқчи бўлсангиз, Севинчга ёрдам беринг! Зеро, савоблар тупроғда эмас, тошда битилажак, номи ўчмас яхшиликлардир…

Севинч Каримовага қилинадиган хайрия реквизитлари:

СБЕРБАНК: 4817 7602 3513 2572

UZCARD: 8600 0610 5169 2811

HUMO: 9860 0303 1030 7258

Боғланиш учун телефон рақам: +998930861943