Маълумки, бундан бир неча кун аввал Effect.uz ахборот агентлигининг Туркиядаги ходимлари Истанбул шаҳрида оғир аҳволга тушиб қолган навоийлик фуқаро Гулчеҳра Камоловага ёрдам беришлари тўғрисида хабар эълон қилинган эди.

Шундан сўнг журналистлар Гулчеҳра Камолова яшаб турган Кадикўй ҳудудидаги уйга боришди ва аҳвол билан яқиндан танишишди.

 

Маълум бўлишича, аёл деярли 3 ойдан бери ишсиз қолиб кетган, бунга унинг юрагидаги ҳасталик сабаб бўлган. Аёлнинг айтишича, унинг 4 нафар фарзанди бор, энг катта ўғил фарзанди собиқ турмуш ўртоғи билан яшайди. Навоий шаҳрида 3 нафар фарзанди яшаётган бўлиб, уларнинг каттаси турмушга чиққан. Қолган бир қизи ва бир ўғли айни совуқ вақтда хонадонма-хонадон юриб сарсон бўлмоқда. Бечора она шуларга уй-жой қилай деб Туркияга келишга мажбур бўлган.

“Ўзимизда иш йўқ, пул йўқ эди. Бир миллион сўм ижарага пул тўлай олмасдан кўчада қолган кунларимиз бўлган. Она учун фарзандларини бундай аҳволда кўриш ўта оғир. Менинг бўларим бўлган аммо фарзандларим кўчада қолмаслиги керак. Жон Президент бизга ёрдам беринг, ахир бу дунёда камбағалларнинг ҳам яшашга ҳаққи бор-ку?

Илтимос, биз бечораларга ёрдам беринглар, Ўзбекистонни соғиндим, фарзандларимни соғиндим. Аммо борар жойимиз йўқ бўлгандан кейин қалбан соғиниш туйғуси ҳам сенга ёд бўлар экан. Тегишли ташкилотларга ариза қолдирганман, аммо бари мурожаатларим самарасиз бўлди.

Ўзимизнинг кучимизга қиламиз деб Туркияга келдик, бироқ соғлигим ёмонлашиб, коронавирусга чалиндим, қизимни операция қилдирдим. Оғир кунларни бошимиздан ўтказдик. Ҳозирда фарзандларимни кўришни истайман, бироқ бундай қила олмасамда Туркияда қолиб ишламоқчиман, чунки Ўзбекистонда ҳеч ким бизни эшитмади”, дейди Гулчеҳра Камолова.

Навоий вилояти Навоий шаҳри ҳокимлиги мазкур масалага ойдинлик киритса, саховатли юртдошларимиз эса кўнгилдан чиқариб хайрия қилишса, ўйлаймизки, Гулчеҳра опанинг ватанга қайтиб, она – Ўзбекистонда ўзига кичик бўлса ҳам бир Ватан қуриши учун сабабчи бўлардик.

Зеро, “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқлигидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин Қиёмат куни ўз садақаси соясида туради” (Имом Табароний ривояти).

Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

яъни: “…Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради” (Имом Термизий ривояти).

Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайр-эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам ундан манфаъат умид қилмайдиган одамга имкониятидан келиб чиқиб бир нарсани беради.

Гулчеҳра Камоловага қилинадиган хайрия реквизитлари:

СБЕРБАНК: 4817 7602 3513 2572

UZCARD: 8600 5304 6709 2857

HUMO: 9860 2601 0178 8677

Туркиядаги телефон рақамлар:

+905396235232

+905466619929

Ўзбекистондаги телефон рақам:

+998913359095