Наманган вилоятида 2021 йилнинг 10 январидан ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари тарифлари оширилади. Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг 2020 йил 19 декабрдаги «Наманган сув таъминоти»нинг ичимлик суви ва канализация хизматлари тарифларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган.

Унга кўра, хизмат кўрсатишдаги харажатларни тўлиқ қоплаш ва «Наманган сув таъминоти»нинг рентабелли фаолият юритишини таъминлаш мақсадида тарифлар оширилмоқда.

Янги белгиланган ичимлик сув ва канализация хизматлари тарифлари аҳоли учун қуйидагича:

1 куб метр ичимлик суви махсус устама (50 сўм) билан 2600 сўм;

1 куб метр оқова сув хизмати махсус устама (50 сўм) билан 750 сўм.

Ўз навбатида, бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун 1 куб метр сув ҚҚС ва махсус устама билан бирга 3862,25 сўм, 1 куб метр оқова сув ҚҚС ва махсус устама билан бирга 1056,25 сўм этиб белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 6 ноябрдаги қарорига асосан, 2013 йил 1 декабрдан буён:

сув ўлчаш асбобига эга бўлмаган аҳоли хонадонларига етказиб берилган ичимлик суви учун тўловлар ўрнатилган ичимлик сув тарифларига кўтарувчи 1,5 коэффициент қўллаш йўли билан амалга оширилади;

сув ўлчаш асбоблари билан жиҳозланмаган ва фуқаролар рўйхатга олинмаган турар жойларда ичимлик суви учун ҳисоб-китоблар ўрнатилган меъёрлар асосида ичимлик сув тарифларига кўтарувчи 1,5 коэффициент қўллаш йўли билан, бир ва икки хонали хонадонларга бир киши, уч хонали хонадонларга икки киши, тўрт хонали хонадонларга уч киши, беш хонали хонадонларга тўрт киши ҳисобида амалга оширилади.

Қайд этилишича, вилоят ҳокимининг 2019 йил 4 мартдаги 83-сонли қарори билан 2019 йил учун истеъмол қилинган ҳар 1 куб метр ичимлик суви учун барча истеъмолчилардан Вазирлар Маҳкамасининг Уй-жой коммунал хўжалигининг ривожлантириш жамғармасига 50 сўм миқдорида устама тўлови жорий этилган.

Кўрсатилган ичимлик суви ва канализация хизматлари учун 2021 йил 10 январгача тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш сўралган, 10 январдан бошлаб кўрсатилган хизматлар учун янги тарифлар асосида ҳисоб-китоб қилинади (ҳозирги тарифга кўра, Наманган вилоятида ичимлик суви нархи 1 куб метр учун 1200 сўм атрофида).