Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 27 декабрь куни набираси Керим билан бирга Копетдағ тоғи этакларида сайр қилди. Бу ҳақда Дарё нашри “Хроника Туркменистана”га таяниб хабар бермоқда.

Туркманистон давлат ахборот агентлиги маълум қилишича, президент ва унинг набираси Ашхободнинг жанубий чеккасига борган, у ерда президент спорт машқларини бажарган. Кейин улар канат йўли томон йўл олган.

У ерда Гурбангули Бердимуҳамедов набирасига “табиатнинг қудратли кучи тўғрисида” ҳикоялар айтиб берган, Керим эса қор билан қопланган пойтахт ва тоғ этакларини суратга олган.

Бердимуҳамедов ва унинг набираси фуникулёрга чиқиб, канат йўли орқали Копетдағ томон йўл олган. Юқоридан улар Ашхобод манзарасини кўздан кечирган. Шундан сўнг президент ва унинг набираси қорбола ясаган.

Давлат ахборот агентлигининг таъкидлашича, Гурбангули Бердимуҳамедов номидан канат йўлининг барча ходимларига янги йил совғалари топширилган.