Маълумки, Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида фермерлар муаммоасини яқиндан ўрганаётган Effect.uz ходими Фазлиддин Меҳмонов туман аҳолиси билан яқиндан танишиш мақсадида Истара маҳалласидаги муаммоларни ўрганди.

 

Эслатиб ўтамиз, Effect.uz ахборот агентлиги бундан аввал айнан шу тумандаги 500 нафар фермернинг ерлари адолатсиз равишда кластерга олиб берилаётгани тўғрисида танқидий мақола ва видеолавҳа эълон қилинганди.

Қизириқда фермерларнинг ери адолатсиз равишда кластерга олиб бериляпти. “Қотиб қолган” раҳбарлар масалага панжа ортидан қараяптими? (Effect.uz суриштируви)

Хуллас, ўрганиш жараёнида, маҳаллада Ўзбекистоннинг барча ҳудида муаммо бўлиб турган йўл муаммоси, сув етишмовчилиги, мактаб ва болалар боғчасининг йўқлиги ҳамда қишлоқда завод, фабрикаларнинг мавжуд эмаслиги аниқланди.

Истара маҳалласидаги фуқаролар ариқдаги сувни ҳам сотиб олиб ичаётгани ва ушбу муаммолар билан бир неча йилдан бери яшаб келаётганини айтади. Маҳалла аҳолиси туман ҳокими Илҳом Юсуповдан норози эканликларини ҳам яширишмади.

Қизириқ тумани ҳокими Илҳом Юсупов

“Бир неча йилдан буён сувни сотиб олиб ичамиз, бормаган жойимиз қолмади, ҳукуматнинг биз билан иши йўқ. Депутатларни айтмаса ҳам бўлади, уларни суратда кўрганмиз, аммо бирортасини ҳам танимаймиз”, дейди фуқаролардан бири.

Қизириқ туманини кўздан кечириш жараёнида, йўллар ҳақиқатдан ҳам талабга жавоб бермаслигини яққол кўриш мумкин эди. Фермерларнинг ерлари кластерга ажратилиб берилишини эшитган аҳоли ўзларининг чорва молларини қаерда боқишни ҳам билишмаяпти.

Шунингдек, улар ҳукумат назаридан четда қолаётганларидан ҳам норози. Маҳалла аҳолиси муаммоларига ечим топиш илинжида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилишди.

“Қизириқ туманида бирорта завод ёки фабрика йўқ, биз айнан шу фермерлар билан ҳамкорликда ишлаб кун ўтказамиз. Уларнинг ерларида чорвамизни боқамиз ва фермерларнинг ерларидан фойдаланамиз. Агарда уларнинг ерлари кластерга ажратилиб берилса, биз нима қиламиз? Ушбу масала бўйича депутатларга ҳам юзландик, аммо натижа бўлмади. Бирор марта келишмайди, ҳатто депутатимиз кимлигини ҳам танимаймиз”, дейди Истара маҳалласидаги фуқаролардан бири.

Ўзбекистонда олиб борилаётган сиёсатларга Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани мутасаддилари умуман бефарқликлари одамни лол-у-ҳайрон қолдиради.

Фуқароларнинг яшаш шароити билан танишар эканмиз, оғир шароитлар-у, қийин аҳволга гувоҳ бўлдик. Ичимлик сувини 3 километрдан ташиб истеъмол қилишлари эса бизга Африкадаги айрим қолоқликда яшаётган қишлоқ аҳолисини гавдалантирди.

Мазкур ҳолатлар бўйича туман ҳокимлиги ҳамда мутассади раҳбарлардан аниқ ва манзилли жавоб кутиб қоламиз.

Видеолавҳа: Фазлиддин Меҳмонов

Мақола муаллифи: Аброр Эшонхонов

Аудио муаллифи: Даврон Ҳасанов