Хабарингиз бор, Effect.uz ахборот агентлигига Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги 500 нафар фермер ўз муаммоси билан мурожаат қилган эди. Ушбу мурожаат кенг омма муҳокамасига қўйилган бўлсада, ҳозирда бирорта расмий ташкилот ушбу масала бўйича тезкор муносабат билдиргани йўқ.

Effect.uz журналисти Фазлиддин Меҳмонов ўзининг журналистик суриштирув жараёнида кўплаб тўсиқ ва қийинчиликларга учраганини маълум қилди. Маълум бўлишича, Фазлиддин Меҳмонов ушбу масалага ойдинлик киритиш учун, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовдан изоҳ сўраган, бироқ ҳоким ўз ишини рўкач қилиб 3 кун давомида журналист билан учрашмаган.

Қизириқ тумани ҳокими Илҳом Юсупов эса фермер хўжаликларининг ерларини кластерга ажратиш бўйича ҳали қарор чиқмаганлигини ва ушбу буйруқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи эканлигини айтяпти, аммо у топшириқнинг сонига келганда бироз ўйланиб қолди?

Қизиғи шундаки, Президент 2018 йилда Сурхондарё вилояти Қизириқ туманига ташрифи чоғида айнан ушбу фермерлар билан бирга эканлигини ва уларнинг меҳнати қадрланишини айтиб, уларга туманда иссиқхона, балиқчилик, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун масъулларга имтиёзли кредит ажратиш топшириғини берган эди.

“Сиёсатимизнинг мазмуни, мақсади оддий: меҳнат қилсанг, роҳат кўрасан. Давлат шу меҳнатга, эмин-эркин ишлашга шароит яратиб бериши шарт. Шу мақсадда қарорлар қабул қилиняпти, йўналишлар белгилаб бериляпти. Лекин қуйи тизимда уларни бажарадиган савияли раҳбар кам. Ҳоким тайёрлаш мактабини яратдикми деган саволга ижобий жавоб йўқ. Соҳа ва тармоқларнинг ҳудудий раҳбарлари “қотиб қолган”, деган Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўсиш суръатлари вилоятнинг ҳақиқий салоҳияти учун ҳали етарли эмаслигини таъкидлаган. 

“Жорий (2019) йилда вилоятга учинчи бор ташриф буюришимизнинг сабаби Сурхондарё мисолида барча раҳбарларга ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларини ҳисобга олиб, уларни жадал ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва ўсиш нуқталарини аниқлаш ҳамда тўлиқ ишга солишни кўрсатиб беришдир”, деган Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг, журналист масалага ойдинлик киритиш учун Қизириқ тумани депутатларига юзланди, аммо улар фикр билдиришдан очиқдан-очиқ бош тортишди.

Қизириқ туман ҳокими айтган Президент топшириғидан кейин, айнан ерга ишлов берадиган бир вақтда, фермерлар туну-кун ҳокимият биноси олдида сарсон-саргардон бўлмоқда. Бу ҳам етмагандек, улар Қизириқ тумани прокуратураси ва Ички ишлар бошқармаси томонидан кўплаб танбеҳ ва тазйиқларга учрамоқда.

 

Фермерлар ўз ҳуқуқларидан фойдаланиб, адолатсизликка чидай олмасдан Бош вазир Абдулла Ариповга, Сенат раиси Танзила Норбоева ва Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга мурожаат қилишди. Афсуски, муаммони фақат депутат Расул Кушербаев эшитди ва ушбу масалага қуйидагича муносабат билдирди:

«Фермерларнинг билдиришича, туманда ёппасига 500 нафардан ортиқ фермер хўжаликлари тугатилиб, ер майдонлари мажбурий равишда кластерга бириктириб берилмоқда экан. Фермер хўжаликлари орасида 2017-2020 йиллар давомида шартномавий режаларини тўлиқ бажариб, мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга ошираётганлари ҳам ерни топшириш ҳақида мажбурий аризалари ёздириб олинаётганлиги айтилмоқда. Фермерлар орасида катта мақсадлар билан кредит ҳисобига иссиқхона қурган, техника ва бошқа воситалар харид қилиб олганлари бор.

Хуллас бизларга келаётган мурожаатлар Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш масаласида хавотирлар пайдо қилмоқда. Ҳудуд ва соҳа масъулларидан мазкур масалалар бўйича қонуний иш кўриб, асосли изоҳ беришларини сўраймиз.

Фермерларнинг мурожаатларидаги масалалардан келиб чиқиб, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб Бош прокуратурага сўров хати киритдик. Умид қиламизки, вазият аниқлаштирилиб, қонун устуворлиги таъминланади ва фермерларга нисбатан адолатли қарор қабул қилинади», дея муносабатини билдирди Расул Кушербаев.

Ўз ўрнида айтиб ўтиш жоиз, ҳокимият 500 нафар фермердан ерни ягона кластерга ажратиб ҳам берди дейлик. Фермерларнинг 20-30 йиллик сармояси ва меҳнатини қоплашга ким бош-қош бўлади?. Ҳеч ким тўғрими? Бундан туманга қандай фойда бор? Нима учун айнан ўша кластерга? Ягона ҳукмронлик монополия эмасми? Коррупциями?

Айнан шундай саволларга Қизириқ ҳокими ва тумандаги жонли «ҳайкал» вазифасини бажарадиган депутатлар жавоб тополмаяпти. Вилоят каттаси Тўра Боболовни айтмаса ҳам бўлади…

Мақоланинг асосий қисмига келсак, Effect.uz журналисти фермерларнинг фаолиятини ўрганар экан, уларнинг ҳар бири ўз ери учун жуда катта сармоя киритганига гувоҳ бўлди. Бир фермер кўринишида мисол қилиб айтсак, Зафар Тўхтамишовда 150 гектардан зиёд ери бор.

Фаолиятининг бошланишида унумсиз ерни қабул қилиб олган Тўхтамишев, 12 йиллик фермерлик фаолияти давомида 2 гектар Корея технологияси асосида 750 минг долларга иссиқхона қурган, айни дамда иссиқхонада болгар ва помидор кўчатлари бўлиб улар ҳосил беришга яқинлашган. Бундан ташқари, Зафар акада 16 гектар интенсив боғ мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда жуда бир гўзал суратда ривожланмоқда.

Шунингдек, 10 гектарга экспорт боп кўкатлар ҳам экилган. Зафар ака ҳаёти давомида ўз кучини ва сармоясини шу ерга сарфлади қилган меҳнатлари эвазига эса у кўчада қолиши мумкин… Қолган фермерларда ҳам худди шундай аҳвол.

Айнан Зафар Тўхтамишов 2020 йил 17 декабрь Ўзбекистон Республикаси Президенти веб сайтига мурожаат хати йўллаган, Қизириқ тумани ҳокимиятининг ушбу мурожаатга жавоби эса шунчаки “жиддий”…

Ҳокимият бу мурожаатни ўрганиб чиқдик деб ёзган, аммо айнан қайси мутахассислар томонидан ўрганилган деган саволга изоҳ беролмади.

Қизириқ тумани ҳокими Илҳом Юсупов

Қизириқ туманининг ўрганишича Янги Йўл ММТП ҳудудидаги фуқаро Тўхтамишов Зафар бошлиқ «Карвон ТСТ» МЧЖнинг мавжуд ер майдонини Халқ депутатлари Қизириқ туман кенгашининг қарорига мувофиқ туман ҳокими заҳирасига қайтарилганлиги аниқланган.

Қизириқ туман кенгашининг айнан қайси қарорига асосан ер ҳокимлик заҳирасига қайтарилган? Ушбу савол ҳам очиқлигича қолиб кетди. Натижада 500 нафар фермернинг ери адолатсиз равишда кластерга ажратилиб берилади… Фермерларда тушкунлик кайфияти бор, улар нима қилишини билмаяпти.

Қизириқ туманидаги 500 нафар фермернинг ери олиб берилаётган кластер эгаси аввалроқ Қуйи-Чирчиқ тумани Беруний Ж/Хда кўплаб ходимларнинг бир неча ой давомида маошини бермай ҳайдаб солган. Ушбу видео шу йилнинг 15 июнь куни Акмал Раҳмонбердиев томонидан Youtube’га жойланган.

 

Биз ушбу мақола шунчаки ўқиб ўтказиб юборилиши учун эмас, балки Қизириқдаги 500 нафар фермернинг ерлари нима учун кластерга ажратилиб берилаётгани сабаблари очиқланишини истаймиз. Тегишли ташкилотлардан муносабат ва албатта, ижобий ечим кутиб қоламиз.