Бугун, 28 декабрь куни Сурхондарё вилояти Халқ депутатлари Қизириқ тумани Кенгашининг очиқ сессияси бўлиб ўтмоқда. Ушбу сессияга Effect.uz журналисти Фазлиддин Меҳмонов киритилмади. Ички ишлар ходими журналистни қўполлик билан кўчга кузатиб қўйган.

Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳолат бўйича ўз муносабатини билдириб, шундай деб ёзди.

Сессияга журналистлар киритилмаган. Катта эҳтимол билан сессияда Қизириқ туманида ерларининг мажбурий олиб қўйилишидан норози бўлаётган фермерларнинг ерларини олиб қўйиш ва янги кластерга бериш масаласи кўриб чиқилади.

Халқ вакиллари Сессиясини ими жимида, халқдан яшириб  ўтказишилишидан шундай хулосага келиш мумкин. Халқ вакилларининг мажлиси халқдан яширилиши мумкин эмас. Бу қонунларга зид ҳаракат. Виждони ўлмаган, қонунларни ҳурмат қиладиган масъуллардан изоҳ кутамиз. Бунчаликка борманглар энди…

Қизириқ туманида ерларининг мажбурий олиниб, кластерга берилишидан норози бўлиб бир гуруҳ фермерлар мурожаат қилишганди. Мазкур масалани қонуний ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлашни сўраб Бош прокуратура ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат хати киритгандик. Монополияга қарши курашиш қўмитаси масалани назоратга олиб, ўрганишни бошлабди. Бош прокуратурадан ҳам шундай тезкорлик ва ҳолисликни кутиб қоламиз.”, дейди Кушербаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Effect.uz журналисти Фазлиддин Меҳмонов Қизириқ туманида 500 нафар фермернинг ери адолатсиз равишда кластерга олиб берилаётгани тўғрисидаги муаммони танқидий ёритган эди.

Қизириқда фермерларнинг ери адолатсиз равишда кластерга олиб бериляпти. “Қотиб қолган” раҳбарлар масалага панжа ортидан қараяптими? (Effect.uz суриштируви)