Бугун, 28 декабрь куни Сурхондарё вилояти Халқ депутатлари Қизириқ тумани Кенгашининг очиқ сессияси бўлиб ўтди. Ушбу сессияга Effect.uz журналисти Фазлиддин Меҳмонов киритилмади. Таҳририятга етиб келган видеолавҳада ички ишлар ходими журналистни қўполлик билан кўчага кузатиб қўйгани акс этган.

 

Ҳолат бўйича, Қизириқ тумани ҳокимлиги матбуот хизмати расмий баёнот бериб, журналист ушбу сессияга рўйхатдан ўтказилмаганини маълум қилди. Таҳририятдан савол: рўйхатдан ўтказиш учун у журналист маддоҳ бўлиши керакмиди? Ёки Намангандан Сурхондарёга борган журналист билан алоқа ўрнатиш шунчалик қийин жараёнмиди?

Нима учун айнан журналист шунчаки кузатувчи сифатида қатнаша олмайди бу “улуғвор” сессияда. Қайси асосларга кўра у омма олдида обрўсизлантирилиб, кўчага ҳайдаб солинади. Журналист давлатга душманми?

“Оммавий ахборот воситалари давлатимизга душман эмас, дўст”, деган эди куни-кеча давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев.

Ушбу ҳолатга Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам ўз муносабатини билдириб қуйидагича ёзди.

Айни вақтда Сурхондарё вилояти Халқ депутатлари Қизириқ тумани Кенгашининг очиқ сессияси бўлиб ўтмоқда. Сессияга журналистлар киритилмаган.

Катта эҳтимол билан сессияда Қизириқ туманида ерларининг мажбурий олиб қўйилишидан норози бўлаётган фермерларнинг ерларини олиб қўйиш ва янги кластерга бериш масаласи кўриб чиқилади.

Халқ вакиллари Сессиясини ими жимида, халқдан яшириб  ўтказилишидан шундай хулосага келиш мумкин. Халқ вакилларининг мажлиси халқдан яширилиши мумкин эмас. Бу қонунларга зид ҳаракат.  Виждони ўлмаган, қонунларни ҳурмат қиладиган масъуллардан изоҳ кутамиз. Бунчаликка борманглар энди…

Расул Кушербаев

Шунингдек, Қизириқ тумани ҳокимлиги баёнотида бугунги сессияда тумандаги 500 нафар фермернинг ерлари кластерга адолатсиз равишда олиб берилаётгани тўғрисидаги масала киритилмагани қайд этилган. Савол: нима сабабдан бу масала бугун бўлиб ўтган сессиянинг кун тартибига киритилмаган? 500 нафар фермерни яна қанча овора қиласизлар?

Бундан ташқари, туман матбуот котиби ўз баёнотида сайт номи ва журналистнинг фамилясини нотўғри ёзганлигини ҳам кўриш мумкин. Масалан Effekt.uz эмас, Effect.uz ахборот агентлиги бўлади, кейин Фазлиддин Меҳмонбоев эмас Фазлиддин Меҳмонов бўлади. Сайт ходимлари Қизириқ туманини “Қизариқ” ёки “Қизиганариқ” деб талқин қилишмаяпти. Бу борада туман ҳокимлиги баёнотида тузатилиш киритилишини талаб қиламиз. Савия борасида маҳоратни оширинг…

Яна бир масала шундаки, баёнотда туман ҳокими Илҳом Юсупов журналистни қабул қилгани тўғрисида ёзилган. Ушбу ҳолат Янги Ўзбекистон сиёсатида нормал жараён ҳисобланади. Савол: Бугунгача ҳоким қаерда эди? Фермерларнинг олдига чиқиб нега тушунтириш беришдан юз ўгирди.

Туманда муаммолар етарлича бор, сайт архивида ҳозирча эълон қилинмаган материаллар бор. Келгусида туман масъуллари кўриб билмаган ёки кўриб туриб билмаганга олган муаммолар ҳам кенг омма эътиборига ҳавола қилинади.

Туман баёнотида шундай дейилади:

Жорий йилнинг 28.12.2020 йилда ижтимоий тармоқларда “Айни вақтда Сурхондарё вилояти Халқ депутатлари Қизириқ тумани Кенгашининг очиқ сессияси бўлиб ўтмоқда. Сессияга журналистлар киритилмаган. Катта эҳтимол билан сессияда Қизириқ туманида ерларнинг мажбурий олиб қўйилишидан норози бўлаётган фермерларнинг ерини олиб қўйиш ва янги кластрга бериш масаласи кўриб чиқилади. Халқ вакиллари сессияни ими жимида халқдан яшириб ўтказилишидан шундай хулоса келиши мумкин”, деб маълумотлар тарқатилган.

Вилоят хокимлигининг 26.12.2020 йилдаги 01-09.1047-сонли хабарномаси билан Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг сессияси 28.12.2020 йил соат 11:00 да ведиоселектор шаклида ўтказилиши кўрсатилган.

Шунингдек, хабарномада сессия кун тартибида вилоятнинг ижтимоий иқтисодий ривожланиши билан боғлиқ 6 та масала киритилганлиги қайд этилган. Қизириқ тумани фермер хўжаликлари тугатилиши ва ерлар кластр тасарруфига ўтказилиши билан боғлиқ масала сессия кун тартибидан ўрин олмаган.

Хабарномага сессия иштирокчилари руйхати илова шаклида келтирилган бўлиб, кўрсатилган рўйхатда Effekt.uz мухбири ёки Ф.Мехмонбоев қайд этилмаган.

(Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддасида …сессияга таклиф этилган шахслар Кенгаш томонидан белгиланиши кўрсатилган бироқ, руйхатда Effect.uz мухбири ёки Ф.Мехмонбоев номи кўрсатилмаган.)

Юқорида маълумотда келтирилган, яъни Қизириқ тумани фермер хўжаликлари тугатилиши ва ерлар кластр тасарруфига ўтказилиши билан боғлиқ масала бўйича илгари туман ҳокими И.Юсупов ва сектор рахбарлари Effekt.uz мухбири Ф.Мехмонбоев билан мулоқот ўтказишиб, барча саволларга атрофлича жавоб беришган.

Effect.uz мухбири Ф.Меҳмонбоев жорий йилнинг 28.12.2020 йил Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг сессиясини гуёки Халқ депутатлари Қизириқ тумани Кенгашининг сессияси ўтказилаётганлиги ва унда фермер хўжаликларини тугатилиши билан боғлиқ масала муҳокама қилинаётгандек тасаввур билан гарчанд сессияга таклиф этилмаган бўлсада, камера билан тўғридан-тўғри сессияга кириб келиб, туман студиясидан ўтаётган сессия муҳокамасига ўзини таъсирини ўтказди.

Шунингдек, Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг сессияси якуни билан Effeсt.uz мухбири Ф.Мехмонбоев туман ҳокими И.Юсупов томонидан қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Effect.uz журналисти Фазлиддин Меҳмонов Қизириқ туманида 500 нафар фермернинг ери адолатсиз равишда кластерга олиб берилаётгани тўғрисидаги муаммони танқидий ёритган эди.