Наманган вилояти Давлатобод туманида жойлашган отчопарда ҳосил байрамига бағишланган улоқ-кўпкари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Кўпкарида барча вилоятлари, шунингдек, қўшни Қирғистондан келган мингга яқин чавандозлар иштирок этяпти. Отчопарда мусобақани кузатиб бораётганлар сони ҳам бир неча минг кишидан кам эмас.

Улоқни вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов бошлаб берди ва йиғилганларнинг олқишлари остида чавандозлар билан бирга давра айланди.

“Улоқ-кўпкари мард йигитларнинг машғулоти, бунга ишқибозликинг ҳам ўзига яраша гашти бор. Юртимизга байрамлар ярашади. Далаларимизда ҳосил доимо мўл-кўл бўлсин, биз шундай тадбирларни ташкиллашдан чарчамайлик”, деди вилоят раҳбари.

Ташкилотчилар томонидан совринга тикилган туя, той, бузоқ, қўй- эчки, телевизор ва бошқа қимматбаҳо совғалар улоқни белгиланган жойгача дадил ортмоқлаб борганларга тақдим этилмоқда. Тадбирни таниқли хонанда Тошпўлат Маткаримов улоқ-кўпкари ва чавандозларга бағишланган қўшиқлари билан қиздирди.

Фотосуратлар муаллифи: Шоҳрух Кенжаев