Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида яшовчи уч фарзанднинг онаси Муҳайё Аҳмедова фирибгарлар ва товламачилар қурбонига айланган. Унинг айтишича, турмуш ўртоғи Россияда эканлигидан фойдаланган ён қўшниси Саидаҳмад Ваҳобов ва унинг ҳамтовоғи Илҳом Товқораев алдов йўли билан унинг ишончига кириб, турли баҳоналар орқали унга яқин муносабатларни таклиф этади.

 

Аммо буни рад этган Муҳайё Аҳмедованинг соддалигидан фойдаланиб, у билан бир неча марта учрашиб, сўнг қўнғироқлашгандан сўнг 200 доллар бермасанг “ялонғоч расмларингни интернетга тарқатиб юбораман” дея очиқдан-очиқ таҳдид қилишади. Аҳмедованинг қўшниси Ваҳобов ҳам бунинг оқибатлари оилага ёмон таъсир қилишини айтиб, Муҳайё Аҳмедовадан 200 доллар пул беришини, қўшимчасига ўзи ҳам яна Илҳом Товқораевга 100 АҚШ доллари беришини таъкидлаб, уч фарзанднинг онасидан 200 АҚШ долларини мажбуран олиб, пулни йўқ қилиб юборади.

“Эрим бу ҳолатни билишидан қўрқдим, болларимни ўйладим. Эртага оилам бузилиб кетса, уч фарзандим кўчада қолишини эштиб зир титрадим, бироқ улар мени пул беришимга мажбурлашда давом этаверишди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимларга мурожаат қилдим, бироқ улар ҳам менга тайинли ёрдам бера олишмади.

Улар ҳар доим менга “яланғоч суратларингни тарқатаман” агар бунга кўнмасанг “сен билан ётишимга имконият қилиб бер” деб қўрқитарди. Аслида мен бундай иш қилмаганман, бироқ қўшним менга “намоз ўқийман, сиз ҳам намоз ўқинг” деб бир икки масалаҳатларини берарди. Мен шунга ишониб қолдим, ҳозир юзим шувут бўлди, болаларим кўчада тирик етим бўлиб қолди.

Ялонғоч ҳолатдаги суратларимнинг ўзи йўқ аслида, аммо улар менга “эр-хотин ётган суратдаги аёл бошини кесиб, сеники билан алмаштириб бутун дунёга шарманда қиламиз” деб таҳдид қилишди. Нима қилишимни билмай қолдим, балки адашгандирман. Ишониб, туҳматга қолдим”, дейди Муҳайё Аҳмедова.

Айни вақтда Аҳмедованинг бошқа қўшниси ва қонуний вакили бўлган амакиси ўз жияни бундай разилликка бориши мумкин эмаслигини таъкидламоқда. Бироқ Россияда бўлган турмуш ўртоғининг кўнглидаги шубҳа уч фарзандни тирик етим бўлишига сабаб бўлмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан ушбу ҳолат бўйича жиддий суриштирув ўтказиб, масалага ойдинлик киритишлари ва ожиза бўлган Муҳайё Аҳмедовага қилинган таҳдид ва туҳматларнинг ижрочиларига асосли чора кўришларини сўраб қоламиз.

Даврон Ҳасанов