Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ўзбекистонлик мигрантларни Россияга киришда бепул эмлаш бошлангани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан батафсил маълумот берди.

Маълумки, ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Россия Федерацияси ҳудудига киришида бепул эмланаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалди.

Ушбу хабарларга илова қилинаётган расмга эътибор берилса, бир фуқаронинг “Спутник V” вакцинаси тадқиқотларида иштирок этганини тасдиқловчи сертификат экани қайд этилган бўлиб, Россияга киришда эмлангани баён этилмаган.

Шу ўринда қайд этиш лозимки, дунёнинг турли давлатларида коронавирусга қарши кўплаб вакциналар ишлаб чиқиш бўйича илмий ишлар олиб борилмоқда. Ушбу илмий тадқиқотларда иштирок этиш ва коронавирусга қарши эмланиш бошқа-бошқа жараён ҳисобланади.

Хусусан, “Спутник V” вакцинаси Ўзбекистонга олиб келинган ва айни вақтда олимлар томонидан ушбу вакцина бўйича тадқиқотлар ўтказилмоқда. Шу билан бирга, ушбу вакцинанинг 1 миллион дозасини харид қилиш, эмланган фуқароларни ишлаш мақсадида Россия ҳудудига кириши учун Россия ҳукуматининг рухсатини олиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда. Шу муносабат билан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан асоссиз хабарларга ишонмасликларини сўраймиз.