Ижтимоий тармоқларда “Хизмат машинасида кетаётган ИИБ ходими мени тўхтатиб узр сўради, ака-ука бўлайлик деди” каби мазмунда тарқалиб, кенг муҳокамага сабаб бўлган  ҳолат Сурхондарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқиляпти. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳайдовчи В.А жорий йилнинг 27 июнь куни Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ходими Файзиев Фаҳриддин томонидан Термиз шаҳри А.Навоий кўчасида тўхтатилиб текширилганида ҳайдовчининг ёнида мажбурий суғурта полиси бўлмаганлиги аниқланади ва МЖтК 135-моддасига асосан транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилади. Аввалдан мавжуд бўлган суғурта полис айнан шу куни йўқ бўлиб қолганига ажабланган ҳайдовчи шу куннинг ўзида Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимларининг унга нисбатан ҳаракатидан норози эканлигидан важ келтирган.

 

Шундан кейин Бош прокуратура ва ИИВ га электорон ариза билан мурожаат қилган. Бу ишларда айнан Сурхондарё вилояти ИИБ ЙПХО командирининг ўринбосари штаб бошлиғи капитан Избосаров Б томонидан топшириқ бўлган деган асоссиз тахминга келиб, 2020 йилнинг 11 июль куни Термиз шаҳри “Баркамол авлод” кўчасида тўхтатилганида ушбу видеони ўзининг қўл телефони орқали тасвирга олади.

Лекин орадан бир неча кун ўтиб В.А ғойиб бўлган суғурта полисни автомашинаси ўриндиғи тагидан топиб олади ва мурожаати юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви тайинланиб фуқаро В.А билан суҳбатлашилганида ўзининг тушунтириш хатида “…суғурта полисини бир неча кундан сўнг ўриндиғининг тагидан топиб олганлигини, ўзининг қилган ҳаракатидан афсусдалигини, инспекторларга нисбатан ҳеч қандай эътирози йўқлигини…” баён этиб, қарши ариза ёзиб, ҳаракатдаги мурожаатини оқибатсиз қолдиришлигини сўраганлиги аниқланди.

Сурхондарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ҳайдовчи В.А дан нима сабабдан орадан беш ой ўтиб ижтимоий тармоқларда видоетасвирни тарқатганлиги сўралганида; телефон хотирасида сақланиб келинган тасвирни ўзи томонидан тарқатилмагани, орадан кўп вақт ўтганлиги боис кимдир буни ўзига ўтказиб олиб тарқатганини айтган.

Ҳозирда капитан Избосаров Б га нисбатан фуқаро билан ИИО ташқи соҳавий хизматлари фаолиятида одоб-ахлоқ қоидалари ва мулоқот маданиятига зид ҳаракатлари ҳамда фуқароларнинг ИИО ходими деган шарафли номга салбий таъсир қилувчи фикрга келишига сабаб бўлган юқоридаги ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланиб, якуни билан натижаси маълум қилинади.