Бугун, 23 декабрь куни ярим тунда тахминан соат 02:00 лар атрофида Гулистон шаҳрида яна сирли портлаш овозига ўхшаш гумбурлаш ва қаттиқ ер силкиниши, зилзила содир бўлганлиги айтилмоқда.

Маҳаллий аҳолининг кўпчилиги томонидан тасдиқланаётган мазкур ҳолатга вилоят ФВБ матбуот хизмати муносабат билдирди.

Шунингдек, Сирдарё вилояти ФВБ Матбуот хизмати бошлиғи Даврон Сулаймонов иштирокида Гулистон шаҳрида кузатилган гумбурлаш ва қаттиқ ер силкиниши ҳодисаси юзасидан онлайн брифинг ташкил қилинди.

Брифингда қайд этилишича, жорий йилнинг 20 ва 23 декабрь кунлари Гулистон шаҳрида зилзилага ўхшаш ер силкиниши ва портлаш каби овозлар ҳақиқатда кузатилган. Бу икки ҳолат бўйича вилоят ФВБга ёнғин ва портлаш бўйича қўнғироқлар келиб тушмаган.

Шунга қарамай ФВБ томонидан ишчи гуруҳ тузилиб Гулистон шаҳар ва унга ёндош ҳудудларда портлаш ва ёнғин келиб чиқиши мумкин бўлган объектлар ўрганиб чиқилган. Аммо уларнинг ҳеч бирида салбий ҳолатлар кузатилмаган.

Ушбу ҳолат бўйича махсус гуруҳ тузилди ва яқин кунларда Гулистондаги овоз ва ер силкинишига ўхшаш воқеага аниқлик киритилади.