Куни кеча Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича 40 та мамлакатдан ташриф буюрган 300 га яқин олимлар конгресси халқаро ОАВ эътиборига тушди.

Аввалига Туркия, Россия каби давлатлар ушбу илмий тадбирдан махсус репортаж тақдим этишган бўлса кейинроқ Euronews сайтида унга бағишланган катта мақола эълон қилинди. “Ўзбекистон ўзининг маърифатли ўтмишига мос келажакка йўл очмоқда” сарлавҳаси билан эълон қилинган мақолада юртимизнинг маданий мероси хилма хиллиги ва муҳим аҳамияти қайд этилиб, дунё цвилизациясига қўшган ҳиссасига юқори баҳо берилган.

Шунингдек маданий мерос тараққиёт учун пойдевор бўла олиши айтилиб, маданий мерос тўпламларининг мактабларга бепул тарқатилаётганига урғу берилган.

Бугун эса Euronews'нинг телевизион эфирида конгрессга бағишланган махсус лавҳа намойиш этилди.

“Халқаро даражадаги бундай эътибор одамни қувонтиради. Баъзида эса биз ўзимиз маданий меросимизга кўрсатмаётган эътибор чет элликлар томонидан берилиши ўйлантиради. Ўзбекистон маданий мероси улкан маърифий ва маънавий аҳамиятга эга. Баъзида буни унутиб қўяётгандек туюламиз. Уни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштири нафақат бу бўйича шуғулланаётган бутунжаҳон жамиятининг балки барчамизнинг бурчимиздир. Буни унутмайлик”, дейилади ушбу хабарда.

Euronews тақдим этган мақола эса қуйидагича:

Ўзбекистон ўзининг маърифатли ўтмишига мос келажакка йўл очмоқда – Euronews

Юзлаб дунёга машҳур олимларни жалб қилган халқаро лойиҳанинг узоқ муддатли режалари доирасида Ўзбекистон бутун дунё бўйлаб ўз миллий тарихининг адабий асарларини изламоқда. Шу ҳафта бошида Тошкентда маҳаллий ва хорижий олимлар, музейлар кураторлари ва реставраторлари иштирокида ўтказилган  анжуманда тўрт йиллик йўл харитаси белгилаб олинди, унга кўра пировардида  Ўзбекистоннинг узоқ ўтмишини янгидан кашф этиш ва ҳужжатлаштириш учун бутун дунё бўйлаб 90 та алоҳида лойиҳада 1500 нафарга яқин олимни жалб қилиш режалаштирилган.

Уч минг йиллик тарих давомида ҳозирда Ўзбекистон деб аталадиган ҳудуд  фотиҳлар, савдогарлар ва кўчиб келиб ўрнашиб қолган – форслар, Чингизхон мўғуллари, туркий халқлар, Искандар Зулқарнайн эллинлари, араб мусулмонлар  ва Россия империяси раиятининг ўткинчи тўлқинларига гувоҳ бўлган чорраҳадир. Уларнинг барчаси, кимдир меъморчиликда, кимдир илм -фанда, яна бошқаси эса адабиёт ва санъатда ўзларига хос из қолдирдилар.

Бу ерда, ғарбда Авиценна сифатида танилган, Исломнинг олтин асридаги таниқли мутафаккир ва ёзувчилардан бири, Аллоҳнинг назари тушган  шифокор, тиббиётнинг отаси ҳисобланадиган Ибн Сино яшаб, фаолият юритган.  Муҳаммад ибн Мусо Aл-Хоразмий математика, астрономия ва география соҳаларида жаҳон илм-фанининг умумий йўналишига таъсир кўрсатган илмий ишлар яратган. Темурийлар сулоласининг Буюк ҳукмдори, Улуғбек номи билан машҳур бўлган Мирзо Муҳаммад Тарағай бин Шоҳруҳ ҳам ўзини улардан кам бўлмаган дунёдаги энг нуфузли астроном ва математик сифатида намоён этган.

Тақдирниннг тақозоси билан  ушбу мероснинг кўплаб қимматбаҳо асарлари дунё бўйлаб тарқалиб, турли  давлатларга бориб қолган ёки  хусусий коллекцияларга ўтиб кетган. Шу сабабли, 2016 йилда президент лавозимига киришганидан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёев ушбу артефактларни топиш, уларнинг  аниқ нусхаларини олиш  ва факсимиле шаклида ўз юртига,  Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида фармон чиқарди.

Натижада, маҳаллий ва хорижий олимлар бутун дунё бўйлаб артефактларни қидиришга киришдилар, бундай олимларнинг сафи доимий равишда кўпайиб бормоқда.

2017 йилда Тошкент ва Самарқандда бўлиб ўтган халқаро конференцияда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятини тузиш тўғрисида расмий қарор қабул қилинди. Бутунжаҳон жамияти асл қўлёзмаларни сақлайдиган халқаро музейлар ва кутубхоналар билан ҳамкорлик кўприкларини яратиш бўйича ишларни бошлади.

Дастлабки топилмалардан бири, Катта Лангардан олинган Қуръон рўйхати бўлиб, уни олимлар Исломнинг муқаддас китобининг қўлда ёзилган нусхаларидан бири сифатида эътироф этдилар.

“Биз топган ҳужжатларнинг ҳар бири бутун бир тарихни, аксарият ҳолларда эса бирор бир сирни ҳам ўз ичига олган бўлади, – дейди “Ўзбеккино” Миллий кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Aбдуҳаликов ва Бутунжаҳон жамияти раиси. “Aммо Катта Лангардан топилган  Қуръон эса  ўзига хос жумбоқларни очади”.  Ҳозирги Саудия Aрабистонида ҳудудида буюк жаҳонгир Aмир Темур томонидан топилган қўлёзма дастлаб Самарқандга олиб келинган, у ерда Исломнинг тасаввуф йўналиши – сўфийлик тарихининг бир бўлагига айланган.

Қўлёзманинг бир қисми турли хил қўлларга ўтиб кетган, масалан, унинг  81 саҳифаси  Россиядаги Санкт-Петербург Шарқ қўлёзмалари институтида эканлиги аниқланди.  Ўн икки саҳифаси эса  Тошкентдаги Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасидан  топилди.  Яна бир қанча саҳифалари Ўзбекистоннинг бошқа жойларидан топилди, жумладан, суфийлар томонидан бекитиб қўйилган китобнинг етишмаётган баъзи саҳифалари кичик тоғ қишлоғи – Катта Лангар қишлоғидан топилди. Aфсуски, биз ҳали ҳам юзта саҳифани топмадик.

2018 йилда ушбу қўлёзма юз нусхада чоп этилиб, дунё музейлари ва кутубхоналарига тарқатилди. Ўзбекистон Президенти унинг битта нусхасини ватанига – Саудия Aрабистонига етказиб бериш ҳақида фармойиш берди ва у ерда қўлёзм нусхаси Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдул Азиз ол-Саудга расмий равишда тақдим этилди.

Бугунги кунга келиб 35 та китоб-альбом, шу жумладан турли мамлакатлардан топилган ва эҳтиёткорлик билан нусхалари олинган машҳур қўлёзмаларнинг факсимиллари нашр этилди. Бутун Ўзбекистон бўйлаб кутубхоналар ва музейларда коллекциялар  кўпаймоқда.

Бу қўлёзмалар ортидаги ҳикояларнинг кўпчилигида XIV – асрнинг афсонавий ҳукмдори Амир Темур алоҳида ўрин тутади. Ғарбда Тамерлан (“Темир Чўлоқ”) номи билан танилган Самарқанд ҳукмдори ўзининг зафарли юришлари ва ғалабалари билан бутун дунёни лол қилган, унинг шахсиятини ўз асарларида акс эттирган Кристофер Марлоу ва Эдгар Aллан По сингари ғарбий ёзувчиларга илҳом берган, бастакор Георг Фридрих Хандел унга бағишлаб учта актдан иборат “Тамерлан” операсини яратган.

Аммо Амир Темур  нафақат буюк саркарда сифатида тарихда қолди, балки унинг жанг майдонидаги муваффақияти ўша даврнинг юзлаб зиёлилари – рассомлар, олим ва ёзувчиларни Самарқандга кўчиришга имкон берди. Улар XIV аср охири, XV аср ва XVI  асрнинг бошларини қамраб олган, Ғарбий Европадаги гуллаб яшнаган Уйғониш даврига деярли параллел равишда ўтган, Темурийлар уйғониш даврига ўзларининг бебаҳо ҳиссаларини қўшишган.

Ўзбекистонда ўзбек зиёлилари адабий меросининг тикланиши мамлакатда янги тикланишга ҳисса қўшади, деб умид билдирадилар. “Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ғояси шуки, қадимда гуллаб-яшнаган маърифат, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик муҳити янги интеллектуал энергия, очиқлик ва тараққиётнинг  янги даврини юзага келтирди”, – деди Бутунжаҳон жамияти раиси жаноб Абдухолиқов. “Биз ўз тарихимизни бутун дунёдан топиб ўрганамиз”, – деб таъкидлади  у.

У Лондондаги Британия кутубхонасида сақланаётган Темур ҳукмронлигига оид биографик асар-форс тарихчиси Шарофаддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарини мисол келтирди.  Китоб Амир Темурнинг набираси Иброҳим Султон буйруғи билан ёзилган бўлиб, Ўзбекистоннинг машҳур рассомлари томонидан бир қатор миниатюралар билан чиройли безатилган.

Бу ҳафта Тошкентда бўлиб ўтган илмий ташкилотнинг йиллик конференциясида Бутунжаҳон жамияти томонидан Чехия, Ҳиндистон, АҚШ, Канада, Италия, Туркия, Польша, Буюк Британия ва Япония музейларида, шунингдек, Ўзбекистон тарихи Давлат тарихи музейида ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланган асл нусхаларнинг ҳашаматли безатилган репродукциялари тақдим этилди. Нашрлар республика илмий-таълим муассасалари ўртасида бепул тарқатилмоқда.