Оғир атлетика бўйича 2014 йил ёзги ўсмирлар Олимпиадаси ва 2018 йилги Осиё ўйинларининг бронза медали соҳиби Адҳамжон Эргашев 2021 йилда ўз олдига қўйган мақсадлари билан ўртоқлашди.

“2021 йилда иккита йирик мусобақаларнинг бўлиб ўтиши биз спортчилар учун масъулиятни яна бир карра ошириши тайин. Тошкент мезбонлик қиладиган Оғир атлетика бўйича Осиё биринчилиги ҳамда Токиода ўтказиладиган ХХХII ёзги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишимиз шарт. Биз учун янги йил байрами ҳам аҳамиятсиз. Сабаби олдинда турган мусобақаларга тайёргарлик жараёнлари кетмоқда. Биз бор эътиборимизни манашу турнирларга қаратишимиз керак” дейди Адҳамжон Эргашев.

Шунингдек спортчи допинг билан боғлиқ ҳеч қанақа муаммолар бўлмаслиги, бунга алоҳида эътибор қаратаётганлигини ҳам маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз пандемия сабаб 2020 йилда бўлиб ўтиши керак бўлган Токио Олимпиадаси 2021 йилга қолдирилган. Шу билан бирга, ушбу нуфузли турнир учун саралаш беллашувлари ҳам тўхтатилганди. Шу каби Олимпиада ўйинлари йўлланмаси учун очко берувчи турнирлардан бири бўлган оғир атлетика бўйича Осиё чемпионати ҳам 2021 йил Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган.

Шаҳбоз Қаҳҳаров тайёрлади