Аввалроқ, Бош прокуратура томонидан Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган аризаси юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётганлиги ҳақида расмий баёнот берилган эди.

Текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, иш ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритиш, ҳар қандай аралашув ва таъсирларнинг олдини олиш мақсадида Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов 2020 йил 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча четлаштирилган эди.

Хизмат текшируви якунланганлиги муносабати билан Бош прокурорнинг буйруғига асосан Жасур Фозилов жорий йил 19 декабрдан хизмат вазифаларини бажаришга киришди.

Хизмат текширувида Жасур Фозилов ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан, масъулиятсизликка йўл қўйиб, ўзи раҳбарлик қилаётган прокуратура иш юритувида бўлган жиноят ишининг тергови устидан назоратни таъминламаганлиги, амалдаги қонунчилик билан муқобил текширувлар бекор қилинган бўлса-да, жиноят ишига алоқаси бўлмаган хўжалик юритувчи субъектлар мансабдор шахсларини терговга жалб қилиб, сўроқ қилиш орқали муқобил текшириш, шунингдек, асоссиз равишда тадбиркорни чақиртириш ва мажбурий келтириш ҳақида қўл остидаги терговчига топшириқ берганлиги аниқланди.

Шуларга кўра, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг 21 декабрь кундаги буйруғи билан Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловга “Ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди.

Эслатиб ўтамиз, Жасур Фозилов яқинда Бухоро шаҳри прокурори лавозимига тикланган эди. Фозилов навбатдаги видеосида идоралараро комиссия қароридан рози эканини айтди.

“Комиссиянинг қарори билан танишиб чиқдим. Комиссия томонидан барча ҳолатлар адолатли, холисона ўрганиб чиқилган. Шу жумладан, менинг ҳам хато ва камчиликларим аниқланиб, менга нисбатан ҳам жавобгарлик белгиланиши назарда тутилган. Баъзи ҳолатларга фуқаровий судда аниқлик киритиш тўғрисида хулоса қилинган. Бу қарорни ўқиб ундан адолатни топдим. Сизга минг раҳмат“, дейди прокурор президентга мурожаатида.