Аввалроқ, таниқли журналист, Туркиянинг Кастамону университети Коммуникациялар факультети журналистика бўлими магистранти Абдукарим Мирзаев 11 декабрь куни турк полицияси томонидан қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Абдукарим Мирзаев каналларининг администратори бироз аввал расмий мурожаат билан чиқди.

Устозимиз Абдукарим Мирзаевнинг Туркия полицияси томонидан ушлангани ҳақида хабар топган бўлсангиз керак. Биз бу бир тушунмовчилик, тез орада устозимизнинг айбсизлиги аниқланиб, қўйиб юборишади, деган ўй билан бу ҳақда оммага эълон қилмаган эдик.

Ҳақиқатан ҳам устозимизга нисбатан илгари сурилган барча шубҳа-гумонлар ўз тасдиғини топмади, бироқ депортация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Айни вақтда Абдукарим Мирзаевни депортация қилиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш ва қўйиб юборилиши бўйича тегишли чоралар кўрилаяпти.

Сизлардан устозимизнинг ҳаққига дуо қилишни ва очко ишлаш учун турли миш-миш ва асоссиз хабарларни тарқатаётганларга ишонмасликни илтимос қилиб қоламиз. Ҳар қандай янгилик, хабарларни расмий манбалар ва бизнинг каналларимиздан оласиз, деган умиддамиз. Каналимизни кузатишда давом этинг шу кунгача суратга олинган кўрсатувларни ўзимизнинг расмий саҳифаларда бериб боришда давом этамиз”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, журналистнинг ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун ёлланган адвокат вазиятни ўргангач, кимдир Абдукарим Мирзаевга тегишли рақам орқали шубҳали шахслар билан мулоқотда бўлгани ҳақида хабар бергани, ушбу маълумот ортидан журналист кузатилиб, сўнгра қўлга олинганини аниқлаган.

 

Абдукарим Мирзаевнинг турмуш ўртоғи бу ҳолатга изоҳ берар экан, охирги вақтлар, айниқса сўнгги икки-уч ойда кўрсатувлари интернетда катта қизиқиш билан кузатилаётган журналистга нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг кўпгина давлатларидан мухлислари қўнғироқ қилиб, хурматини билдиргани, айримлари оилавий муаммоларини айтиб, ундан маслаҳат сўраганини таъкидлади. Бундай вазиятда қўнғироқ қилувчи шахснинг кимлиги, мақсадларини аниқлаш, умуман, вазиятни назорат қилиш мутлақо имконсиз эканини айтди.

Шунингдек, журналист ҳибсга олинишидан 10 кунча олдин, аниқроғи 28 ноябрь куни кундузги 12:20—13:30 лар оралиғида оилавий хордиқ чиқариш ва видеолавҳа тасвирга олиш мақсадида Истанбулнинг Мармара денгизи ёқасидаги Флориа соҳилига чиққанида замонавий кийинган (шимда) тўрт аёл (икки нафари 35−40, икки нафари 16−17 ёшларда) улардан телефон қилиб олишни сўрагани, шундан кейин Абдукарим Мирзаевнинг телефонига турли рақамлардан эркаклар қўнғироқ қилгани, СМС хабарлари ёзганини таъкидлади. Ушбу воқеадан кейин янги олинган мобил телефони секин ишлашни, қотиб қолишни ҳам бошлаган.

10 декабрдан 11 декабрга ўтар кечаси ярим оқшомда зирҳли автомобилларда келган қуролланган ва ҳарбий либосдаги тўрт киши, шунингдек, фуқаро кийимидаги шахслар Абдукарим Мирзаевнинг уйига келиб, тинтув ўтказишган. Улар уйдан ҳеч қандай шубҳали нарса топа олмаган ва қўшнилар гувоҳлигида ҳужжатларни расмийлаштириб, журналистни олиб кетишган.

Кейинги куни ёлланган адвокат у билан учрашган, полицияга журналистнинг шубҳали шахслар билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини исботловчи далил ва ҳужжатларни тақдим этган. Шубҳа ва гумонлар ўз тасдиғини топмаганидан сўнг уни мамлакатдан депортация қилиш тўғрисида қарор чиқариб, Миграция идорасининг чет элликларни сақлаш бўлимига юборишган. Айни вақтда депортация тўғрисидаги қарорни бекор қилиш, кузатувни тўхтатиш тўғрисидаги даъво тайёрланмоқда.

Санжар Рустамов (у ҳам Кастамону университети магистранти) журналистнинг на диний ва на сиёсий амбициялари йўқлигини, бор-йўғи ибратли ҳикоялар, ривоят ва асотирларни сўзлаб бериб, видеоларини ижтимоий тармоқларга жойлаб боришини таъкидлади.

Бунинг замирида биринчи навбатда интернетнинг ўзбек сигментини сифатли ва мазмунли видеоконтент билан тўлдириш, ахлоқий, маънавий-маърифий ҳикоялар орқали халқимиз, айниқса интернет даврида улғаётган ёш авлоднинг онгу тафаккурини юксалтириш мақсади ётибди. Қолаверса, пандемия даврида тушумлар озайган бир вақтда ушбу видеороликларни YouTube-каналга жойлаштириш орқали пул ишлаш мақсади ҳам йўқ эмас эди. Бундан бошқа ҳеч қандай манфаат, мақсад ёки ғоялар йўқ. Ҳа, дарвоқе, ҳикоя ва ривоятларнинг диний мазмун ва руҳда экани Абдукарим Мирзаевнинг оддий бир зиёли мусулмон сифатидаги танлови, холос, деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик яна бир журналист “Ziyouz.com” портали асосчиси, Давронбек Тожиалиев ўзининг Facebook’даги саҳифаси орқали Истанбулга киритилмай, Ўзбекистонга депортация қилинганини ёзиб қолдирган эди.

Бундан аввалроқ Effect.uz ходимлари Акмал Эшонхонов ва Рухсора Баҳромзода Туркияга кўчиб келишган.