Бироз аввал, телеграмдаги MILITSIYA UZB каналида “Қарши шаҳрида ГАИ автомашинаси ёниб кетди” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди. ИИВ ЙҲХББ мазкур ҳолат бўйича маълумот берди.

“Бугун, 18 декабрь куни соат 16:50ларда, Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳар, Мустақиллик кўчасида жойлашган вилоят ҳокимлиги биносининг рўпарасида вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими М.Оймуродов бошқарувидаги “Ласетти” русумли махсус хизмат автомобилининг двигатель қисмида ёнғин юзага келган.

Ёнғин натижасида тан жароҳати олганлар йўқ. Ёнғин тез фурсатларда бартараф этилган. Транспорт воситасининг двигатель ва капот қисми зарарланган. Мазкур ҳодиса юзасидан Қарши шаҳар ИИБ ЙҲХБ ва ФВБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ёнғин юзага келиш сабабларига аниқлик киритилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қаршида 13 нафар ўсмир ис газидан заҳарланган  эди. Бош прокуратура ушбу ҳолат бўйича расмий муносабат билдириб, мазкур ҳолат бўйича текширув бошланганини маълум қилди.