Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ўзи ва икки нафар фарзандини дарёга ташламоқчи бўлган аёл видеоси тарқалгани жамиятдаги кишилар томонидан кескин танқид остига олинди.

Дастлаб аёлнинг Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида яшаши айтилган эди, чунки вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспектори томонидан аёл тўхтатилиб қолинган ҳамда тасвирга олинган эди.

Кейинчалик эса бу рад этилиб, маҳаллий ҳокимлик аёл Тошкент вилояти Бекобод туманида истиқомат қилишини маълум қилди. Воқеа ҳам Бекобод туманида содир бўлган.

“Бутун Ўзбекистон халқига бугундан кейин болаларимни оқ ювиб оқ тарашга ваъда бераман. Болаларимни сувга ташлаш ниятим йўқ эди. Асабим қўзиб тургани учун оғзимдан ўша фикрлар чиқиб кетган, тан оламан. Узр сўрайман”, дейди аёл.

Маълум бўлишича, бундай ҳолатга ўзаро оилавий келишмовчилик сабаб бўлган.

“Ҳеч қанақа арзийдиган сабаб йўқ. Битта шу муаммо у-бу нарса олиб беринг деганида, шошмай тур, биринчи ўринда мен кредитимни тўлашим керак, дедим. Давлатдан кредит олганман”, дея изоҳлайди аёлнинг турмуш ўртоғи.