Тошкент шаҳридаги ер усти метро ҳалқа йўли “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллиги” деб номланади. Бу ҳақида Президент Шавкат Мирзиёев давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисидаги қарорида қайд этилган.

Бундан ташқари, Тошкентда “Истиқлол” мажмуаси ташкил этилади ва у ерда мустақилликнинг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган ёдгорлик композицияси барпо этилади.

Маълумот учун, жорий йилнинг 29 август куни Тошкент ерусти ҳалқа метросининг биринчи босқичи ишга туширилган эди. Бу улкан лойиҳани лойиҳалаштириш 2017 йилда бошланган эди.

“Дўстлик-2” бекатидан “Қўйлиқ” бекатигача бўлган мазкур йўналиш узунлиги 11 километр бўлиб, 7 та бекат барпо этилган. Биринчи бекатдан охиргисигача 19 дақиқада етиб олиш мумкин. Бу масофада ҳар бири 4 та вагондан иборат 4 та поезд қатнайди. Ушбу йўналиш кунига 46 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Бекатлар миллий колорит асосида, ўзига хос дизайнда қурилган. Улар йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўл кира ҳақини электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар, эскалатор билан жиҳозланган. 225 та янги иш ўрни яратилган.

“Қўйлиқ” бекатида кейинги босқичлар қурилиши бўйича тақдимот ўтказилди. Ерусти ҳалқа метроси лойиҳасининг умумий қиймати 422 миллион доллардан зиёд бўлиб, бешта босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Иккинчи босқичда Қўйлиқ бозори билан Тошкент ерости метросининг “Олмазор” бекати боғланади. Учинчи бўлиб “Беруний”, ундан кейин “Бодомзор” бекатигача бўлган қисм қурилади. Сўнгги босқичда эса ҳалқа метро линияси яна “Дўстлик” бекатига уланади. Бу йўлларнинг жами узунлиги қарийб 55 километр, жами бекатлар 35 тани ташкил қилади.