Фарғона водийсидан Хоразмга авиа ва темир йўл қатнови ташкил этилиб, дастлабки даврда ички туризмни ривожлантириш мақсадида чипта нархларига 30 фоиз чегирма қўлланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Хоразмга ташрифи якунида Урганчда ўтган фаоллар йиғилишида маълум қилган.

«Фарғона водийсидан Хоразмга авиарейс ташкил қилинади. Керак бўлса, чипталар нархига 30 фоизлик чегирма берилади. Водий Хоразмни билмайди, Хоразм водийни билмайди. Четдан келмаса, ўзимизда бор-ку. Зиёрат туризмини бекорга гапирмадим. Ҳаммада ички талаб пайдо бўлди. Хоразмий, Паҳлавон Маҳмуд, Бухорий, Мотурудийлар қаерда бор?

Термизийларни нега зиёрат қилмаймиз? Зиёратни кўпайтириб, маънавий озуқа олишимиз керак. 70 фоиз халқимиз Хивани кўрмаган. Хиванинг ҳар бир хонадонига энг арзон меҳмонхоналар, хостеллар қилиб берамиз. Хивадаги ҳар бир хонадон меҳмон кутишга тайёр бўлиш керак. Ўтираверсак, ҳеч ким бизга қилиб бермайди», деб таъкидлаган давлат раҳбари.

Давлат раҳбари салоҳиятли мамлакатлардан Урганчга доимий ва чартер рейслар ташкил этиш зарурлигини қайд этган. Водий вилоятларидан Хоразмга авиа ва темир йўл қатновини йўлга қўйиб, дастлабки даврда чипта нархларига чегирма бериш тажрибаси кейинчалик Термиз, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари бўйича ҳам қўлланилади.

Президент, шунингдек, Ўзбекистон бўйича шахматни ривожлантириш, Хоразмда йирик санъат саройи қуриш зарурлигини ҳам айтиб ўтган.

«Шахмат бўйича катта қарор қабул қиламиз. Ўзбекистон дунё рейтингида 30-ўринда. Яна кўтариш керак. Хивада 2021 йилда йирик тадбир доирасида шахмат турнири ҳам ўтказилади. Хоразмда йирик санъат саройи йўқ. Санъатга чанқоқ халқ, санъаткори ҳам Тошкентга бориб концерт беради, мухлислари ҳам бориб келади. 3 та лойиҳа беринглар: 2021 йилда ё Урганч, ё Хивада режа қиламиз, 2022 йил қурилишни бошлаймиз», деган у.

Шавкат Мирзиёев Хоразмда нефрология маркази очиш ва кардиология марказини кенгайтириш бўйича ҳам кўрсатма берган. Бунинг учун зарур 3 миллион доллар маблағ бир ой ичида ажратилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Амударё устида Хоразмни Қорақалпоғистон билан боғлайдиган кўприк, Хоразмда 2 минг хонадонли 100 та кўп қаватли уй қурилиши ҳақида хабар берилган эди.