Интернетда Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловданнинг навбатдаги мурожаати эълон қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жасур Фозиловнинг мурожаатида келтирилган важларни текшириш учун катта комиссия тузилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаатида келтирилган важларни ўрганиш юзасидан айрим маълумотларни ошкор қилди.

Жорий йил 11 декабрь кунидан буён интернет тармоғи орқали Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозилов томонидан тарқатилган видеомурожаатларда прокуратура органларининг айрим ходимлари томонидан қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги маълум қилинган.

Ж.Фозиловнинг важларини синчковлик билан ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериш мақсадида жорий йил 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилди.

Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасининг масъул ходимлари киритилди.

Комиссия мурожаатда келтирилган қонунбузарлик ҳолатларини жойига чиққан ҳолда, Ж.Фозиловнинг барча важларини бевосита ўзининг иштирокида чуқур ва холисона ўрганилишини ташкил этади. Текшириш натижалари бўйича қўшимча равишда хабар берилади.