Интернет тармоғида автомобиль салонидан гувоҳ томонидан тасвирга олинган фуқаролар ва ички ишлар органлари ходимлари орасидаги келишмовчилик видеоси тарқалди. Мазкур факт бўйича Тошкент шаҳар ИИБ қуйидагиларни маълум қилди.

13 декабрь куни тахминан соат 15.00 да Юнусобод тумани ИИО ФМБ 5-сон ички ишлар бўлими профилактика инспекторлари подполковник Ш. Алимкулов ва капитан Д. Мажидовлар “Универсам” савдо комплекси яқинидаги ер ости йўлагида ноқонуний савдо билан шуғулланувчи ва бу билан бошқа фуқаролар учун ноқулайликлар туғдирувчи шахсларга нисбатан чора кўриш ҳақидаги кўплаб мурожаатлардан сўнг воқеа жойига етиб келиб, ер ости йўлагида савдо молларини териб қўйган аёл, эркак ва йигитни кўришади.

Мазкур шахслар ноқонуний савдони тўхтатиб, савдо молларини йиғиштириш ва йўлакни фуқаролар учун бўшатиш тўғрисидаги огоҳлантиришларга рад жавобини беришган. Савдо қоидаларини бузиш учун қонун билан белгиланган жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантиришларга аёл ва эркак қўпол тарзда жавоб бериб, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишларини айтади.

Бундан ташқари, улар жанжал кўтариб атрофдагиларнинг эътиборини тортиб, уларнинг ўғли бўлган йигит эса хизмат бурчларини адо этаётган ички ишлар органлари ходимлари била муштлашмоқчи бўлади.

Воқеа жойига патруль-пост хизмати ходимлари етиб келишганда ҳам йигит ҳуқуқбузарликни бас қилмасдан патруль-пост хизмати ходимини юзига урган. Шу сабабли ходимлар йигитнинг қўлларига кишан солишга мажбур бўлишган ва уч нафар тартиббузарлар шахсларини аниқлаш ва кейинги суриштирувлар учун 5-сон ИИБга олиб кетилган.

Ер ости йўлагида ноқонуний савдо қилувчи шахслар томонидан келиб чиққан тартиббузарлик ва ноқулайликлардан норози бўлган ўндан ошиқ ҳодиса гувоҳлари кўрсатма бериш мақсадида ички ишлар бўлимига ихтиёрий равишда етиб келишади. Ҳуқуқбузарлар – Навоий вилоятилик 43 ёшли Акромжон ва 42 ёшли Холисхон Турдиевалар ва уларнинг ўғли 19 ёшли Абдураҳим Хидиров эканлиги аниқланади.

Шунингдек маълум қиламизки, интернет тармоғида тарқаган видеода ички ишлар органлари ходимларининг жамоат тартибини бузишни бас қилиш ҳақидаги талабларига бўйсинмасдан фаол қаршилик кўрсатган Абдураҳим Хидировнинг қўлга олиниши тасвирга тушган. Ерда ётган аёл – 42 ёшли Холисхон Турдиева савдо моллари сумкасининг устига ётиб, ходимлар уни ички ишлар бўлимига олиб кетишига қаршилик кўрсатмоқчи бўлган. Ҳодиса юзасидан тергов олди текшируви ўтказилмоқда.

“Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Шаҳримизда тартиб, тинчлик ва хавфсизлик бўлиши учун ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари ҳар биримиз учун номақбул иш бўлиши зарур. Бунинг учун ҳар бир фуқаро умумий уйимиздаги ҳолатга дахлдорлигини англаши зарур. Қонунбузарликка гувоҳ бўлсангиз, бефарқ бўлманг, қоидабузарга танбеҳ беринг. Агар бунинг таъсири бўлмаса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига хабар беринг”, дейилади ИИБ хабарида.