Интернетда Президентга мурожаат қилган Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов яшириниб олгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу хабарлар оммага эълон қилингач, Фозилов ижтимоий тармоқда чиқиш қилиб, яширинмаганини таъкидлади.

“Мен яшириниб олмаганман, Бош прокуратура текширувига боришни истамайман. Қачон-ки текширув Президент администрацияси томонидан ўткилади. Мен ана шунда ҳаммасини уларга айтиб бераман. Мен ҳозир Вобкент туманидаги уйимдаман, бироқ Бош прокуратуранинг хизмат текширувида иштирок этишдан бош тортаман. Бу текширувнинг тагида нима борлигини ҳам яхши биламан.

Бош прокуратура бундай баёнотларни беришни бас қилсин. Ёлғон хабарлар тарқатишда фаоллик олиб бораётган ёки Бош прокуратурага хизмат қиладиган (ОАВ) ларнинг баъзиларига айтишим мумкинки, мен ҳеч қаерга қочиб кетмади. Қочиб кетмайман ҳам…” , дейди Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош прокуратура Жасур Фозиловнинг Президентга йўллаган мурожаатига шундай баёнот берган эди.

Бош прокуратура томонидан Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳақидаги аризаси текширилмоқда.

Муаллиф аризасида шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг тазйиқи билан Бухоро шаҳрида қурган йирик савдо мажмуасидан 1 метр квадратининг ҳақиқий нархи 20 млн. сўм бўлган савдо дўконини унга 5 млн. сўмдан сотганлигини, орадан бир йил ўтиб, яъни 2020 йил октябрь ойида шу нархдан яна битта дўконни сотишини талаб қилганлигини, рад жавобини берганлиги учун Ж.Фозилов уни терговга чақириб, жавобгар қилиш билан қўрқитаётганлигини билдирган.

Ушбу ҳолат бўйича Ж.Фозиловга нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, иш ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритиш, ҳар қандай аралашув ва таъсирларнинг олдини олиш мақсадида у 2020 йил 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча озод қилинган.

Текшириш давомида аризада келтирилган барча важлар, шу жумладан Ж.Фозиловнинг 2020 йил 11 декабрь куни ижтимоий тармоқлардаги баёнотида билдирган ҳолатларга тўлиқ ва ҳаққоний баҳо берилади.

Шу билан бирга, Бош прокуратура мурожаат ва баёнотда билдирилган барча масалалар бўйича шаффоф ва ошкора ўрганиш ўтказилишини, бунда жамоатчилик назоратини таъминлаш учун доимий ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилади. Текшириш натижаси бўйича қўшимча равишда маълумот берилади.