Аввалроқ, Effect.uz ахборот агентлиги Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида яшовчи 26 ёшли 1-гуруҳ ногирони Севара Мамаражабованинг таҳририятга йўллаган мурожаатини жойида бориб, ўрганган эди.

“Иш бўлса, жон деб ишлардим!” – Қизириқ раҳбарлари 1-гуруҳ ногирони Севаранинг устидан кулишяпти…

Ёлғиз она ва 1-гуруҳ ногирони бўлган 26 ёшли Севара Мамаражабова 2017 йил Президент фармонига асосан кредитга олган уйидан 5,5 миллион қарздор бўлиб қолгани ва кредитга олган тикув машиналари “брак” чиққанидан азият чекаётган эди.

Айрим сабабларга кўра ишсиз қолган Севара ҳар ой банкка кредит топшириши керак бўлган, аммо ишсизлик оқибатида тўловлар кечиккан. Шу туфайли уни яшаб турган уйидан ҳам чиқариб юбормоқчи бўлишади.

Ноиложликдан журналистларга дардини ёрган Севаранинг мурожаатлари Effect.uz ходимларининг аралашуви билан туман ҳокимлиги томонидан назоратга олиниб, жойида ҳал этилди. Ҳақиқат бор экан, орамизда мард раҳбарлар яшаётгани албатта, бизларни ҳам хурсанд этмасдан қолмади.

Қизириқ туман ҳокими Илҳом Юсупов Севара Мамаражабова яшаётган “Етимқўм” маҳалласидаги уйга бориб, вазиятни шахсан ўрганиб, фуқаросининг муаммоларида амалий кўмак кўрсатди.

Жумладан, ҳокимлик фуқаро мурожаатини ўрганиб чиқиб, унинг тўғри эканлигига шубҳаси қолмагач, Севаранинг уйига газ баллони, ичимлик сув идишлари, сув насоси ўрнатиб берди.

Бундан ташқари, “Микрокредитбанк” Қизириқ филиалидан олинган кредит фоизларини  бюджет ҳисобидан тўлаб берди ва фуқароини доимий иш билан таъминлаш масъулиятини зиммасига олди.

Фото: Effect.uz

“Effect.uz сайтига мурожаат қилгандим. Уйимизда сув, газ баллон йўқлигидан қийналаётган эдим. Бугун ҳокимиятдан келиб барча муаммоларимни ҳал қилиб беришди. Ҳатто сув моторигача таъминлаб беришди. Ичкаридаги хоналарда энди иссиқ сув чиқади. “Микрокредитбанк”да ҳосил бўлган қарздорлигимни ҳам бугун қоплаб беришди. Бу учун туман ҳокими Илҳом Юсупов ва бошқаларга миннатдорлигимни билдираман. Мартабалари зиёда бўлсин!”, дейди Севара Мамаражабова бўлиб ўтган ҳолат ҳақида.

Севаранинг қўлида гўдаги бор, бир оёғи йўқлиги туфайли юра олмайди. Ҳокимлик келгусида унга ногиронлар аравачаси беришни ҳам режалаштирган.

Маълумот учун, Илҳом Юсупов 2020 йил 11 июлдан бошлаб Қизириқ тумани ҳокими сифатида иш бошлаганди. У 1977 йил Шеробод туманида туғилган. 1998 йилда Ички ишлар академиясини, 2015 йилда Ички ишлар академиясининг Олий академик курсини тамомлаган.

Илҳом Юсупов

Меҳнат фаолияти давомида Жарқўрғон тумани ИИБ бўлинма бошлиғи, Термиз тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари, Денов тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари, Қизириқ тумани ИИБ бошлиғи, Денов тумани ИИБ бошлиғи сифатида ишлаган. 2020 йил бошидан вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Мурожаатимизни эътиборсиз қолдирмаган Қизириқ туман ҳокимлиги ва туман ҳокими Илҳом Юсуповнинг келгуси фаолиятида доим барқарорлик тилаб қоламиз! Ўйлаймизки, келгусида бу туманда Севара каби фуқароларнинг мурожаати ОАВга қадар етиб келмайди.

Effect.uz бир мақсад йўлида ҳаракатдан тинмайди. Ҳурмат билан Effect.uz ахборот агентлиги ходимлари

Фазлиддин Меҳмонов ва Сайфилло Исахонов

Қизириқ туманидан махсус репортаж