Effect.uz ахборот агентлиги бугун, 11 декабрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўзбекистонлик 31 ёшли йигитнинг ўлими ҳақида хабар берган эди.

Воқеа жорий йилнинг 8 декабрь куни Малтепа ҳудудидаги Файзулла маҳалласида содир бўлган. Дўконларнинг бирида курьер вазифасини бажарувчи Бурхонжон Очилов кечки соат 18:00 ларда 27 ёшли турк фуқароси Бедир.Г билан тортишиб қолади.

Содир бўлган низо бир неча марта судланган туркияликнинг киссасидан пичоқ чиқишигача давом этади. Ўз шанини ҳимоя қилган Бурхонжон Очилов рақибига бир-икки мушт туширгач, жанжал давом этади ва оқибатда ўз кучига ишонган ўзбекистонлик йигит дўконнинг кириш эшиги остига ҳушидан кетгач, йиқилади.

 

Олинган видеотасвирларда уларнинг ўзаро гап талашаётганлари ва ҳужумни дастлаб, Очилов бошлаганини кўришимиз мумкин. Бироқ Наманганнинг Попида таваллуд топиб, тирикчилик мақсадида олис ўлкага келган навқирон йигитнинг тақдири бундай аянчли якунланмаслиги керак эди.

Марҳумнинг Туркиядаги ёру-биродарлари, яқинлари унинг жасадини ватанга қайтариш учун қўлларидан келган барча шарт-шароитларга кўнишди. Жасадни самолётда юбориш улар учун наҳд 1100 АҚШ долларига тушди.

Энг ачинарлиси, Бурхон Очиловнинг ҳомиладорлиги бўлган турмуш ўртоғини жасад билан бирга юбориш учун ҳам 420 доллар сарфланди. Бурхонжоннинг турмуш ўртоғининг жисмида икки ойлик ҳомила яшаяпти. Афсус, янги туғилажак фарзандга отасини кўриш насиб этмади.

EFFECT.UZ
Марҳум Бурхон Очилов ва унинг қотили (24 йилга қамалди)

Бўлиб ўтган вазиятдан хабар топган марҳумнинг оиласида аҳвол унчалик яхши эмаслиги ҳам бизга аён бўлди.

“Тўғрисини айтаман, Бурхон аканинг оиласидан 100 доллар ҳам пул келмади. Бурхонжон мени қўшним эди, бир маҳаллада катта бўлган эдик. Худога шукр, аканинг Россиядаги дўстлари унинг мурдасини ватанга қайтариш ишларида холис ёрдам беришди. Ватандошлардан озгина-озгина пул йиғиб, аёлларини ҳам Ўзбекистонга кузатяпмиз.

Рости бу оилага жуда қийин бўлди. Марҳумнинг ҳаққига дуо қилинглар, агар ёрдам бериш керак бўлса, бироз моддий томонлама кўмак ҳам беринглар. Бу кўргулик экан нима қила оламиз, эртага нима бўлишин билмаймиз”, дейди унинг энг яқин танишларидан бири Отабек.

Жасад юкланган самолёт Тошкент вақти билан 12 декабрьга ўтар кечаси Истанбулдан соат 00:30 да учади. Тошкент вақти билан соат 06:00-07:00 атрофида Ўзбекистонга қўнади.

Effect.uz ахборот агентлигининг Туркиядаги ходимлари Наманган вилояти ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари Азизбек Абдувалиевга бўлиб ўтган воқеани етказишди. Азизбек ака ҳолатни Поп ҳокимига шахсан етқазишини, марҳумнинг оиласига ёрдам берилишини таъкидлади.

Чодаклик оилага ёрдам беришни истаган ватандошларимиз +998979663232 рақамдаги телеграм профилга боғланишлари мумкин. Зеро, бу оила ўз фарзандини қора ерга беради ва албатта, бизнинг ёрдамимизга илҳақ бўлаётгани аниқ.

Олчинов Бурхонжон Аъзамович Поп тумани Хонобод қишлоғи Янгийўл маҳалласи 63-уйдан чиқарилади.

Ўзга юртларга тирикчилик ғами билан келган Бурхон Очиловнинг руҳи шод бўлсин, борар жойи жаннатда бўлсин.

Effect.uz ахборот агентлиги раҳбари,

Акмал Эшонхонов