Бугун, 12 декабрь куни «Tashkent City» ҳудудида олиб борилаётган қурилишлардан бирида ёнғин чиқди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода қора тутун даҳшатли тарзда атрофни қоплаганини кўриш мумкин. Журналистлар воқеа жойига киритилмаган.

 

ФВВ матбуот хизмати ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

“Бугун соат 15.00 атрофида “Tashkent city” мажмуаси таркибида қурилаётган банк биноси ёнидаги қурилиш материаллари сақланадиган омборда қурувчилар эҳтиётсизлиги туфайли тез ёнувчи изоляция материалларидан ўт чиқди. Соат 15:15 да ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин тўлиқ бартараф этилди. Ён-атрофдаги биноларга зарар етмади. Ҳалок бўлган ёки тан жароҳати олганлар йўқ. Вазият юзасидан тўлиқ ахборот қўшимча берилди.”, дейилади ФВВ хабарида.

Бироқ бошқа манбаларнинг маълумотига кўра, ёнғинда жароҳатланганлар бўлиши мумкин. Ҳудудга бир нечта тез тиббий ёрдам автомобиллари етиб келган. Бироқ қора тутунлардан дарак ҳам йўқ.

“Доимгидек журналистлар воқеа жойига киритилмаяпти.  Нима деб ўйлайсиз, нега журналистлар воқеа жойига киритилмаяпти?”, дея ёзади манба.

Маълумот учун, жорий йилнинг 4 ноябрь куни «Tashkent City» ҳудудидаги қурилиш жиҳозлари сақланаётган майдонда ёнғин содир бўлганди.